Гендер тенгликка эришиш стратегияси ва гендерга оид халқаро рейтинг ва индексларда републиканинг ўрнини яхшилаш бўйича мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича ўқув семинар ташкил қилинди
2024-06-28 17:55:00 / Вазирлик янгиликлари
Бугун Адлия вазирлиги томонидан 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси ва гендерга оид халқаро рейтинг ва индексларда републиканинг ўрнини яхшилаш бўйича мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича ўқув семинар- тренинги ташкил қилинди.
Тадбирда республикамиздаги гендер тенглигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, бу соҳада амалга оширилаётган ишлар, гендер ҳуқуқий экспертиза жараёнлари, шунингдек хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий васиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
I. Гендер тенглигини таъминлашга қаратилган қонунчилик йўналишида
Гендер тенглигини таъминлаш соҳасида миллий қонунчиликни халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда мазкур соҳага оид 40 дан ортиқ қонун ҳужжатлари ва муҳим концептуал ҳужжатлар қабул қилинди.
Жумладан, хотин-қизларга тенг ҳақ тўлаш кафолатлари ва уларнинг айрим соҳаларда бандлиги бўйича чекловлар бекор қилинди. 2022 йил октабр ойида қабул қилинган янги Меҳнат кодексида ушбу қоидалар халқаро стандартларга мослаштирилди.
Аёлларни оиладаги зўравонликдан, жумладан, жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонликдан ишончли ҳимоя қилиш учун 2023 йил апрел ойида Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишлар билан бундай жиноятлар учун жазо кучайтирилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар тўғрисида”ги Қонуни ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси мажлисининг 2023 йил 21 июлдаги 6-сонли Баённомаси билан гендерга оид аудит ўтказишнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Гендер аудитининг асосий мақсади аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида, шу жумладан, интеграллашган гендер ёндашувига оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши кадрлар сиёсатини амалга ошириш ҳолатини ўрганиш ва баҳолашдан иборат.
II. Халқаро рейтинг ва индексларни яхшилаш йўналишида
Ислоҳотлар натижасида “Аёллар, бизнес ва қонун 2024” индексида Ўзбекистоннинг рейтинги +11,9 баллга кўтарилиб, 100 баллдан 82,5 баллга етди. Бу Ўзбекистоннинг энг катта муваффақиятга эришган бешта давлат қаторига киришига ва Марказий Осиёда энг яхши кўрсаткичларни қайд этишига ёрдам берди.
Жаҳон одил судлов лойиҳаси (World Justice Project) халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан ҳар йили тузиладиган Ҳуқуқ устуворлиги индексининг (Rule of Law Index) 2023 йил якунлари бўйича эълон қилинган навбатдаги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ҳуқуқ устуворлиги энг тез яхшиланаётган давлатлар қаторида қайд этилган.
Жаҳон банки томонидан тузилувчи Бошқарув сифати индикаторларида (Worldwide governance indicators) Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари ҳам йил сайин яхшиланиб бормоқда.
III. Хотин-қизларга янада кўплаб имтиёзлар яратимоқда
– хотин-қизларга тадбиркорликни йўлга қўйиш учун 33 миллион сўмгача кредитлар ажратилади;
– аёлларни пенсия ёшига тўлгани сабабли иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатиш тақиқланади;
– айрим тоифадаги хотин-қизларга ОТМгакириш учун тавсиянома берилади;
– “Аёллар дафтари”га киритилганларга 5 млн. сўмгача кредитлар нақд берилиши мумкин;
– “Аёллар дафтари”га киритилган ёлғиз аёлларнинг фарзандлари ҳам боғчага имтиёзли рўйхат асосида қабул қилинади.
– оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларга имтиёзли уй-жойлар берилади.
– ҳомиладор аёллар, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишга қабул қилишда дастлабки синов қўлланилмайди.
– раҳбарлик лавозимига танловда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг иштироки таъминланади;
– хотин-қизларга 7 йилга фоизсиз таълим кредити берилади;
– давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган хотин-қизларнинг контракт суммалари давлат томонидан қопланади.









