Фуқароларга кўп функцияли интерактив киосклар орқали давлат хизматларини кўрсатиш янада кенгайтирилмоқда
2024-07-23 10:30:00 / Вазирлик янгиликлари
Чилонзор туман Давлат хизматлари марказида адлия вазири Акбар Ташкулов ва Бирлашган Араб Амирликларининг “SEDCO” компанияси бош директори Маджди Аль-Бейт Шавиш ўртасида учрашув ўтказилиб, компания томонидан ишлаб чиқарилган ва намуна учун Ўзбекистонга олиб келинган 3 турдаги интерактив киоскларнинг имконият ва афзалликлари юзасидан тақдимот ўтказилди.
Тақдимот давомида “SEDCO” компанияси вакиллари томонидан интерактив киоскларнинг дастурий таъминотидаги афзалликлари, масофадан мониторинг қилиш имкониятлари ҳамда фуқаролар томонидан мустақил фойдаланишдаги қулайликлари тушунтириб берилди.
Шу билан биргаликда, мазкур киоскларнинг техник қўллаб-қувватлаш ҳамда ходимларда қурилмалардан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш юзасидан ўқитиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида синов тариқасида Ўзбекистонга олиб келинган 3 турдаги интерактив киоскларнинг техник хусусиятларини тажрибадан ўтказиш ҳамда келгусида аҳоли гавжум жойлар ҳамда туман марказидан узоқда жойлашган маҳаллаларга ўрнатишда ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.






