Юридик хизмат ходимлари билан очиқ мулоқот: юридик хизмат соҳасидаги муаммо ва ечимлар
2023-05-30 09:15:00 / Вазирлик янгиликлари
2023 йил 30 май куни адлия вазири ўринбосари М. Икрамов юридик хизмат ходимлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Юридик хизмат соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, муаммо ва ечимлар” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.
Очиқ мулоқот офлайн ва онлайн режимида ўтказилиб, унда бевосита ва видеоконференцалоқа орқали қарийб 200 нафар юридик хизмат ходимлари иштирок этди.
Тадбирда адлия вазири ўринбосари томонидан сўнгги йилларда юридик хизмат фаолиятини такомиллаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, рўй берган ўзгаришлар ҳақида алоҳида ўз мулоҳазаларини билдирди.
Хусусан, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.
Жумладан, мамлакатимизда юридик хизмат соҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ижобий баҳоланиб, соҳада юзага келаётган муаммолар бўйича тўхталиб ўтилди.
Айниқса, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари юридик хизмат ходимларининг ҳуқуқий мақомини ошириш ва янада мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида юридик хизмат ходимлари ўзларини қизиқтирган саволлар, амалиётда учраётган муаммолар ва уларни бартараф қилиш бўйича таклифларини беришди.
Қизғин баҳс-мунозалар билан ўтган мулоқотда, соҳага оид камчиликлар ва билдирилган таклифлар бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.




