Адлия вазири Сирдарёга хизмат сафари давомида вилоят адлия бошқармаси биносида ташкил этилган ситуацион марказ фаолияти ҳамда “Ёшлар баланси” электрон дастури билан танишди.
2024-09-19 09:30:00 / Вазирлик янгиликлари
Ситуацион марказда туман (шаҳар) адлия бўлимларида мавжуд барча электрон қурилмалар, давлат хизматлари кўрсатилиши, адлия биноларига ўрнатилган қуёш панелларининг энергия ишлаб чиқариш фаолияти, шунингдек, автомобиллар ҳаракатини реал вақт режимида назорат қилиш имкони мавжуд.
“Ёшлар баланси” электрон дастури эса ёшлар билан ишлаш тизимини электронлаштириш мақсадида яратилган бўлиб, дастурга адлия бошқармаси томонидан ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, соҳага оид муаммоларини ҳал этиш ҳамда уларнинг бандлиги ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш йўналишида амалга оширилган ишлар киритиб борилади. Ушбу тажрибани кенг оммалаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳуқуқий ахборотни тарқатиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, шунингдек, аҳоли ва ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасида янгича ёндашув асосида “Ҳуқуқий таксофон” жорий қилинди.
Унда бадиий ва юридик адабиётлар, қонунчиликка оид янгиликлар содда ва халқчил тилда баён этилган тарғибот материаллари – буклет, флаер ва инфографикалар ўрин эгаллаган. “Ҳуқуқий таксофон” вилоят ҳамда барча туман ва шаҳар марказларида жойлаштирилиши режалаштирилган. Адлия вазири А. Тошқулов Сирдарё вилоят адлия бошқармасининг ушбу тажрибаси билан ҳам танишди.