Адлия вазирлигининг 9 ойлик фаолияти сарҳисоб этилди
2024-11-05 17:55:00 / Вазирлик янгиликлари
Жорий йил 5 ноябрь куни Адлия вазирлигининг ҳайъат мажлиси видео-конференц-алоқа шаклида ўтказилиб, унда адлия органлари ва муассасаларининг раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди.
Ҳайъат мажлисида 2024 йил 9 ойлигида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва келгусидаги вазифалар, муҳокама қилинди.
Йиғилишда норма ижодкорлиги, ҳуқуқий ва давлат хизматлари кўрсатиш, мурожаатлар билан ишлаш, очиқлик сиёсати ва бошқа соҳалар кесимида таҳлилий маълумотлар келтирилди.
Хусусан, 1 569 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, ташаббус билан 187 та лойиҳа ишлаб чиқилди.
Жойларда 420 мингдан зиёд ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.
Келиб тушган 123 007 та мурожаатдан 78 фоизи қонуний ҳал этилиб, фуқаро ва тадбиркорлар манфаатида киритилган таъсир чоралари натижасида пул маблағи ундириб берилди.
Давлат органларининг 44 мингдан зиёд ноқонуний ҳужжатлари бекор қилиниб, қўпол қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган 2686 нафар айбдор шахслар интизомий ҳамда 8 093 нафар айбдор мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига 8,4 млндан ортиқ хизматлар кўрсатилиб, хизмат кўрсатиш жараёни ва босқичлари соддалаштирилиши натижасида ўртача хизмат кўрсатиш вақти 5 дақиқани ташкил этмоқда.
Юридик хизмат марказлари томонидан давлат ташкилотларининг 6,3 млндан зиёд ҳужжат лойиҳалари бўйича ҳуқуқий хулосалар берилди.
Шу билан бирга, соҳадаги айрим муаммолар мавжудлиги, жумладан, мурожаатлар билан ишлашда айрим раҳбарларнинг қатъиятсизлиги
ва ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда тизимли ёндашувдаги айрим камчиликлар мавжудлиги таъкидланиб, уларнинг бартараф қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Йиғилиш якунида вазир томонидан бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Адлия вазирлиги
Ахборот хизмати











