Янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш доирасида қандай ишлар амалга оширилган?
2024-12-04 16:00:00 / Матбуот анжуманлари

Бугун, 4 декабрь куни АОКАда янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш доирасида қилинган ишларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Икром Муслимов, адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов, Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи ўринбосари Турғун Кучкаров иштирок этиб, ўз йўналишлари бўйича жамоатчиликка ахборот берди.
Таъкидлангандек, янги таҳрирдаги Конституция миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Конституцияда мустаҳкамланган устувор принципларни рўёбга чиқариш мақсадида барча вазирлик ва идоралар томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан Қонунчилик маълумотлари миллий базаси хатловдан ўтказилиб, тегишли қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳалар натижасида қонуности ҳужжатларини Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 ноябрдаги Фармони (ПФ–188-сон) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 октябрдаги қарори (524-сон) қабул қилинди.
Конституциянинг 53-моддасидаги интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилиниши ҳақидаги нормани ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий механизмларини яратиш мақсадида “Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” Қонун қабул қилинди.
Ушбу қонунга кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал фаолияти натижасида яратилган мулкнинг дахлсизлигини таъминлаш мақсадида интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун ҳуқуқ эгасининг талабига кўра ҳуқуқбузар томонидан товон тўлаш тартиби жорий этилди.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияни тарғибот қилиш йўналишида қатор ишлар амалга оширилди. Шу жумладан, тарғибот тадбирлари дастури ишлаб чиқилиб, 2023 йил 20 майда адлия вазири томонидан тасдиқланди. Дастурга мувофиқ бугунги кунга қадар 20 мингга яқин ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. “Huquqiy axborot” Телеграм-каналида #Конституцияни_ўрганамиз, менинг конституциям хештеги остида маълумотлар улашилмоқда. Kurslar.huquqiyportal.uz порталида янги таҳрирдаги Конституция бўйича 4,5 соатга мўлжалланган бепул онлайн курс яратилди
“Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганамиз” мавзусида қисқа муддатли ўқув курси ташкил этилди. Advice.uz платформасида Янги таҳрирдаги Конституциянинг асосий мазмун-моҳиятини очиб беришга қаратилган алоҳида бўлим очилди.
Икки йилдан буён Тошкент шаҳри Сайилгоҳ кўчасида “Конституция кўчаси”да бир қатор оммавий тадбирлар ўтказилиши анъанага айланди. Конституция кўчасида Конституциянинг яратилиши, такомиллаштириш босқичларини ифода этадиган “Конституция тарихи” бурчаги ва фотокўргазмаси, болалар ва ёшларга Конституцияда белгиланган нормаларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи кўргазмали материаллар бурчаги, Конституцияни ўргатиш бўйича замонавий методика асосида тайёрланган дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва махсус адабиётлар кўргазмаси ташкил этилиши йўлга қўйилган.
Шунингдек, конституциявий ҳуқуқлар бўйича суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бурчакларини ташкил этилиб, мазкур бурчакларда кўргазмали материаллар жойлаштирилди.
Конституцияни болалар тилида тушунтиришга бағишланган мультсериал ва комикс китоб яратилди. Ушбу мультфильмлар сунъий интеллект имкониятлари ёрдамида тайёрланган бўлиб, болаларга содда ва ҳаётий мисоллар орқали Конституциямиз мазмун-моҳияти тушунтирилган.
Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган болалар учун Конституция китобининг аудио варианти яратилиб, барча алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган (кўзи ожиз ва заиф кўрувчи) болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига етказилди.
Адлия вазирлиги
Ахборот хизмати