Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ҳуқуқий акциялар доирасида фуқароларга қарийб 8 млрд сўм ундириб берилди
2024-12-13 15:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Бугун, 13 декабрь куни АОКАда ўтказилган брифинга Адлия вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Шохидахон Юлдашева вазирлик томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди.
Таъкидлангандек, Адлия вазирлиги томонидан 2024 йилда аҳолининг заиф қатламлари ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган бир қатор тадбирлар ва ташаббуслар амалга оширилди.
Хусусан, августда ўтказилган “Хотин-қизларга ҳуқуқий кўмак” акцияси доирасида ҳудудий адлия органлари томонидан жойларда 2 мингдан ортиқ оммавий сайёр қабуллар ташкил этилиб, уларда 37 минг нафарга яқин фуқаролар қамраб олинди.
Улардан 12 минг 700 нафаридан ортиғига бирламчи ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, акция доирасида 3 минг 586 нафар хотин-қизларнинг муаммолари ижобий ҳал этилиб, 3 минг 332 нафар хотин-қизларнинг реал ҳуқуқий ҳимояси таъминланишига эришилган.
Масалан, Андижон вилоятининг Пахтаобод ва Олтинкўл туманларида ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан таълим ва тиббиёт тизимида ишловчи 69 нафар ходимга жами 465 млн сўмдан ортиқ пул маблағлари тўлаб берилмаганлиги аниқланган. Адлия органлари аралашуви билан маблағлар тўлаб берилиши таъминланган.
Шунингдек, акция доирасида республика бўйича хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилинганлик ҳолати ўрганилди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича адлия органлари томонидан 785 та таъсир чоралари қўлланилган, шу жумладан 396 та тақдимнома, 71 та огоҳнома, 210 та даъво аризаси киритилган. Натижада жами 7 млрд 811,5 млн сўм ундириб берилган.
Яна бир мисол —14 – 28 октябрь кунлари “Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод этилган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ҳуқуқий акцияси. Унинг доирасида озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод этилган шахслар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини яқиндан ўрганиш мақсадида “Ҳуқуқий тарғибот куни” ва “Адлия куни” тадбирлари, оммавий сайёр қабуллар ташкил этилди.
Хусусан, 748 нафар озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларнинг муаммолари ижобий ҳал этилиб, 605 нафар шахсларнинг реал ҳуқуқий ҳимояси таъминланишига эришилган.
Шунингдек, адлия органлари томонидан “Ишга марҳамат” мономарказлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда 333 та “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркалари ташкил этилди. Натижада 183 нафар шахсларнинг бандлиги таъминланиб, 128 нафар шахслар бепул касбга тайёрлов курсларига ўқиш учун жалб қилинди.
Акция доирасида ўтказилган ўрганишлар ва мониторинглар натижасида 600 га яқин, хусусан, ижтимоий тўловлар билан боғлиқ 79 та, меҳнат масалаларига оид 171 та, имтиёзлар билан боғлиқ 9 та ва бошқа масалалар юзасидан қонунбузилиш ва камчиликларга йўл қўйилганлик ҳолатлари аниқланган.
Адлия органлари томонидан тегишли ташкилотларга 50 та тақдимнома, 31 та даъво ариза, 51 та огоҳнома ва 10 дан ортиқ маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритилди. Натижада фуқароларга 100 млнга яқин пул маблағлари ундириб берилиши таъминланди, 40 та қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ҳужжатлар бекор қилинди.
Республиканинг барча ҳудудларини қамраб олган бундай тадбирлар доирасида иштирокчиларга юридик ёрдам олиш имкониятлари ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари ҳақида маълумотлар тақдим этилмоқда, шунингдек, уларнинг муаммолари ва ҳуқуқий масалаларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Адлия вазирлиги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича ишларини изчил давом эттиради.
Адлия вазирлиги
Ахборот хизмати