Давлат хизматлари марказларига 7 йил: давлат хизматлари соҳасида амалга оширилган ишлар, келгусидаги режалар
2024-12-17 17:00:00 / Вазирлик янгиликлари
Бугун, 17 декабрь куни Адлия вазирлиги томонидан “Давлат хизматлари марказларига 7 йил: давлат хизматлари соҳасида амалга оширилган ишлар, келгусидаги режалар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда адлия вазири ўринбосари Х. Мелиев иштирок этди.
Таъкидлангандек, 2017 йилда Ўзбекистонда аҳолининг давлат хизматларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, уларни кўрсатиш билан боғлиқ вақт ва молиявий харажатларни камайтириш, аҳолининг давлат органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини ошириш мақсадида давлат хизматлари марказлари ташкил этилди.
Сўнгги етти йилда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилди. Ушбу тизим халқимизнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Хусусан, давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада яқинлаштириш бўйича биринчи навбатда зарур инфратузилмани яратилди.щ
Республиканинг 208 та туман ва шаҳарларида ДХМлар ташкил этилди. ДХМларнинг 193 тасида замонавий бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу биноларнинг 79 таси давлат-хусусий шериклик асосида қурилди. Туман (шаҳар) марказларидан 50-100 км узоқ, тоғли ҳудудларда 138 та филиал фаолият юритиб келмоқда. Улар маҳаллий аҳолини узоғини яқин қилмоқда.
2018 йил 1 январда фаолият бошлаган пайтда ДХМлар томонидан дастлаб 37 турдаги хизмат кўрсатилган бўлса, ҳозирда 403 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда.
Ҳар куни ўртача 100 мингга яқин фуқароларимиз Давлат хизматлари марказларига ташриф буюриб, хизматлардан фойдаланмоқда.
ДХМлар томонидан ҳозирга қадар 66 млндан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Хусусан, фуқароларнинг шахсан ўзи келган ҳолда 2023 йил давомида 9,3 млндан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 2024 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 10,5 млндан ортиқни ташкил этди.
Хизматларни сайёр тартибда ва “экстерриториал” тамойил асосида кўрсатилиши йўлга қўйилган. Бунда давлат хизматларини кўрсатиш доимий рўйхатдан ўтган жойидан (пропискага) ёки яшаш жойидан қатъий назар аҳоли ва тадбиркорларимиз исталган жойдаги ёки ўзларига қулай жойдаги давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиб, хизматлардан фойдаланиши мумкин бўлади.
Шунингдек, 188 та маҳаллаларда 24/7 режимида ишлайдиган интерактив киосклар орқали 64 турдаги давлат хизматлари бўйича 460 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.
Давлат хизматларини кўрсатишда шахсни биометрик идентификациялаш (Face–ID) усули жорий қилинди. Бунда, давлат хизматлари марказларига мурожаат қилинганда фуқаролар ўзлари билан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб боришмаган бўлса, уларнинг шахсига юз қиёфаси орқали аниқлик киритилади.
Бюрократик соҳа ҳисобланган лицензиялаш, рухсат бериш тизими бутунлай ислоҳ қилинди. Лицензиялар ва рухсат бериш ҳужжатлари 32% гача қисқартирилди. Хусусан, 72 та лицензияланадиган фаолият ва 40 та рухсатномалар бекор қилинди ҳамда тартибга солишнинг муқобил усулига ўтказилди.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан 120 турдаги ортиқча маълумот
ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди.
Натижада:
- давлат органлари ўртасида “Рақамли ҳукумат” тизими орқали бир йилда ўртача 2,2 млндан ортиқ ҳужжатлар (маълумотлар) алмашилмоқда;
- аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг 22,7 млрд сўмдан ортиқ маблағлари ҳамда 2,2 млн дона (11 минг кг) қоғоз тежалишига эришилди.
Давлат хизматлари кўрсатишда талаб этиладиган ҳужжатлар сони 255 тадан 129 тага (51 фоиз) қисқартирилди.
Ижтимоий ҳимоя муҳтож шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда тўловларнинг 50 фоизи миқдорида чегирма жорий қилинди.
2023 йил 1 январдан бошлаб 5 та соҳа бўйича тадбиркорлик субъектларининг замонавий технологияларга асосланган янги маҳсулот ва хизматларни синовданни назарда тутувчи “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими жорий этилди.
2024 йил 1 мартдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида 2 та лицензия ва рухсатномаларни олиш учун уч ойгача ўтиш ва мослашиш даврини белгилайдиган “Бизнесга лицензиясиз кириш” махсус режими жорий этилди.
Давлат органлари ва ташкилотларининг аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ 27 та вазифа ва функциялари хусусий секторга ўтказилди.
Тадбир давомида журналистлар ва жамоатчилик вакилари ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Адлия вазирлиги
Ахборот хизмати