Туркия патент идораси билан ҳамкорликда семинар ташкил этилди
2025-01-21 14:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Бугун, 21 январь куни Адлия вазирлиги ва Туркия патент идораси билан ҳамкорликда “Географик кўрсаткичлар тизимини ривожлантиришда Туркия тажрибаси” мавзусидаги уч кунлик семинарга старт берди.
Тадбирда адлия вазири ўринбосари М. Икрамов ҳамда Туркия патентлар ва товар белгилари идораси (ТУРКПАТЕНТ) президенти профессор доктор Муҳаммед Зеки ДУРАК кириш сўзи билан иштирок этди. Таъкидлангандек, ушбу ўқув машғулотлар икки ташкилот ўртасидаги Туркия патент идораси ҳамкорликнинг биринчи босқичи.
Тадбир Ўзбекистоннинг географик кўрсаткичлар тизимини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизнинг маҳсулотларини дунё бозорида янада кенгроқ тақдим этиш учун муҳим қадам ҳисобланади.
Чунки Туркиянинг географик кўрсаткичлар тизимини ривожлантириш борасидаги ютуқлари ва дунё миқёсидаги тажрибаси биз учун катта илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Маълумот учун: Туркияда рўйхатдан ўтказилган географик кўрсаткичлар сони 1686 тага етган бўлиб, улардан 29 таси Европа Иттифоқи мамлакатларида муҳофазага олинган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини жадаллаштириш, шу жумладан туризм жозибадорлигини ошириш ва миллий экспорт маҳсулотларининг халқаро бозордаги қийматини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда географик кўрсаткичлар йўналиши муҳим аҳамият касб этади.
Сабаби, географик кўрсаткич тизимини ривожлантириш мамлакатда экспортбоп маҳсулотлар рўйхатининг кенгайишига, ишлаб чиқарувчиларнинг қўшимча фойдага эга бўлишини таъминлашга, “гастрономик туризм”ни ривожлантиришга ва умумий қилиб айтганда, ҳудудларнинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
2022 йил 3 мартда “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, географик кўрсаткичларни ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий асослар яратилди.
Шунингдек, 2022 йил 26 апрелда мамлакат тарихида илк бор 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган интеллектуал мулк миллий стратегияси қабул қилинди. Унинг асосий йўналишларидан бири сифатида ҳудудларда минтақавий брендларни яратишни қўллаб-қувватлаш ва жаҳон миқёсида “Made in Uzbekistan” брендини танитиш мақсадида махсус тадбирлар белгиланди.
Амалга оширилган ишлар натижасида бугунги кунга қадар мамлакатимизда Марғилон атласи, Марғилон адраси, Чуст пичоқлари, Қўқон пичоқлари, Хоразм қовуни каби 11 та географик кўрсаткич рўйхатдан ўтказилиши таъминланди.
Шунингдек, Ўзбекистон гастрономик туризм ва ҳунармандчилик соҳасида катта истиқболга эга бўлган мамлакатлардан биридир. Шу боис, мамлакатда истиқболли географик кўрсаткичларни аниқлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, сўнгги икки йил мобайнида 69 та бундай маҳсулот аниқланди ва ҳозирда уларни рўйхатдан ўтказиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта аҳамият берилмоқда. Жумладан, БИМТ билан ҳамкорликда Ўзбекистонда географик кўрсаткич тизимини ривожлантиришга қаратилган Йўл харитаси ишлаб чиқилди ва унинг амалга оширилиши бошланди.
Иштирокчилар уч кун давомида бу борада Туркиянинг тажрибасини амалий мисолларда кўриб чиқади ва хорижий ҳамкасблари билан фикр алмашади.
Адлия вазирлиги
Ахборот хизмати