Адлия вазирлигининг 2024 йил фаолияти сарҳисоб қилинди
2025-02-11 18:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Жорий йил 11 февраль куни Адлия вазирлигининг ҳайъат мажлиси видео-конференц-алоқа форматида ўтказилиб, унда адлия органлари ва муассасаларининг раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди.
Ҳайъат мажлисида 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда норма ижодкорлиги, ҳуқуқий ва давлат хизматлари кўрсатиш, мурожаатлар билан ишлаш, очиқлик сиёсати ва бошқа соҳалар кесимида таҳлилий маълумотлар келтирилди.
Хусусан, 2024 йилда 2 093 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, вазирлик ташаббуси билан 286 та лойиҳа ишлаб чиқилган.
Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган 70 дан ортиқ янги турдаги хизматлар жорий қилиниб, уларнинг жами сони 409 тага етказилди, 144 та хизмат соддалаштирилди. 13 та лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиби бекор қилинди.
Бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда уни ташкил этишда енгиллик яратиш мақсадида 3 ойгача “ўтиш ва мослашиш даври”ни белгилайдиган “Бизнесга лицензиясиз кириш” (Zero Licensing) махсус режими эксперимент тариқасида жорий этилди.
“Adliya mahalla” ва “Onlayn mahalla” платформаси орқали аҳолининг 203 мингдан ортиқ ҳуқуқий муаммолари қабул қилиниб, шундан 176 мингдан ортиғи, ёки 87 фоизи, ҳал этилди.
336 минг нафар фуқарога бирламчи бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, 10 мингдан ортиқ процессуал ҳужжат лойиҳалари тайёрлаб берилди.
Жойларда 420 мингдан зиёд ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.
Ҳуқуқий ахборотни етказиш рақамлаштирилиб, барча қонунчилик ҳужжатларини Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими орқали давлат органлари ва ташкилотларга, маҳаллаларга етказиш йўлга қўйилди.
Келиб тушган 270 мингта мурожаатнинг 88 фоизи қонуний ҳал этилди.
Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан 21 мингдан ортиқ давлат ташкилотининг 8,4 млндан зиёд ҳужжат лойиҳасига, 2023 йилга нисбатан 1,2 млнтага, ёки 15 фоизга, кўп ҳуқуқий хулоса берилди.
10 турдаги нотариал ҳаракатларни видео-конференц-алоқа орқали расмийлаштириш йўлга қўйилиб, 74 мингдан ортиқ нотариал ҳаракат онлайн амалга оширилди.
21 573 та интеллектуал мулк объекти давлат рўйхатидан ўтказилди, рўйхатга олинган товар белгилари, ихтиро, фойдали модел ва селекция ютуқлари бўйича алоҳида рейтинг шакллантирилиб, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Ўзбекистон 24 йилдан сўнг АҚШ Савдо вакиллигининг “Кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилди.
Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази тузилмаси такомиллаштирилиб, марказнинг ҳудудий бўлимларида қўшимча 12 та янги экспертиза турлари йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, соҳадаги муаммолар мавжудлиги, жумладан, мурожаатлар билан ишлашда айрим раҳбарларнинг қатъиятсизлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда тизимли ёндашувдаги камчиликлар мавжудлиги таъкидланиб, уларнинг бартараф қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Йиғилиш якунида адлия вазири томонидан бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Адлия вазирлиги
Ахборот хизмати