Адлия вазирлиги томонидан март ойи учун тадбирлар календари эълон қилинди
2025-03-04 09:15:00 / Вазирлик эълонлари
Адлия вазирлиги томонидан ҳар ойлик тадбирлар календарини тузиш ва эълон қилиш амалиётини йўлга қўйилган. Ушбу тақвимда келгуси ойга режалаштирилган асосий воқеалар ва чора-тадбирлар акс эттирилади.
Хусусан, у вазирлик раҳбариятининг ҳудудларга хизмат сафарлари, мониторинг тадбирлари, йирик халқаро форум ва анжуманлар, шунингдек, ижтимоий акция ва бошқа муҳим тадбирларни ўз ичига олади.
Мазкур ташаббус Адлия вазирлиги фаолиятида очиқлик ва шаффофликни оширишга қаратилган. Бундай амалиёт жамоатчиликка вазирлик фаолиятидан хабардор бўлиб туриш имконини беради, давлат органларининг фуқаролар олдидаги ҳисобдорлигини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, аҳоли адлия органлари ва муассасалари томонидан ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар ҳақида ҳам ахборот олиши мумкин.