Хавф омиллари реестри: тадбиркорларни асоссиз чекловлардан ҳимоя қилишнинг янги механизми
2025-03-27 12:00:00 / Вазирлик янгиликлари
Тадбиркорлик иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири. Аммо ушбу фаолиятни амалга ошириш давомида қонунчилик талабларга риоя этилмаслиги инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф солиши мумкин.
Cанитария-гигиена, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари бундай хавфларни олдини олишга қаратилган. Бироқ уларнинг ҳаммасининг бузилиши ҳам жиддий салбий оқибатларни келтириб чиқаравермайди. Масалан, ходимлар махсус кийимларда эмаслиги, иш жойида микроиқлим меъёрдан юқорилиги ёки вентиляция тармоғи йўқлиги ва бошқалар.
Шунга қарамай, уларга риоя этилмаслиги тадбиркор фаолиятини тўхтатишга асос бўлиши мумкин. Хусусан, қонунчиликка кўра, бундай ҳолатларда ваколатли орган тадбиркор фаолиятини мустақил равишда 10 кунгача, бундан ортиқ муддатга эса суд тартибида чеклаши, тўхтатиб туриши мумкин.
Тадбиркорлик субъекти фаолиятини бир неча соатга тўхтатиш ҳам жиддий молиявий зарарларга сабаб бўлиши мумкин. Жумладан, ишлаб чиқаришдаги йўқотишлар, хомашё ва маҳсулотларнинг яроқсиз ҳолатга келиши, ходимларнинг бекор туриб қолиши оқибатида тўланадиган маблағларни ушбу зарарлар сирасига киритиш мумкин.
Аммо бу борада қонунчиликдаги бўшлиқлар сабабли тадбиркорлар фаолиятини тўхтатишда қонунбузилиш, шунингдек, хавф даражаси юқори бўлмаган ҳолатларда ҳам фаолият чекланиши кузатилмоқда. Хусусан:
1) инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф тушунчаси мавҳум бўлиб, ҳар бир ҳолатда мансабдор шахслар томонидан мустақил белгилаб келинган;
2) тадбиркорлик фаолиятини чеклаш ва тўхтатиш учун асос бўлувчи ҳолатлар доираси белгиланмаганлиги сабабли назорат органлари уни кенгайтириб талқин қилган.
Бундай ҳолатлар мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатини суиистеъмол қилишига имкон яратиб берган.
Хусусан, Бизнес-омбудсман маълумотларига кўра, 2024 йилда назорат органлари томонидан тадбиркорларни текширишда 929 та қонун бузилиши ва ваколат доирасидан четга чиқиш ҳолатлари аниқланган.
Назорат органлари томонидан инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф мавжуд деган важ асосида 2022 йилда 3 486 та тадбиркор фаолияти вақтинча тўхтатилган бўлса, бу кўрсаткич 2023 йилга келиб 7 278 тага, 2024 йилда эса 13 235 тага етган. Сўнгги 3 йилда назорат органлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиш ҳолатлари деярли 4 бараварга ошган.
Ушбу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонида барча учун очиқ ҳолатда бўладиган Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестри юритилиши белгиланди.
Ҳужжат билан 2025 йилдан бошлаб назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиб туришга фақатгина Реестрга киритилган омиллар асосида йўл қўйилади.
Адлия вазирлиги томонидан Реестрни шакллантириш мақсадида назорат қилувчи органларга ўз назорат функциялари доирасидан келиб чиқиб, тадбиркорлар фаолиятини тўҳтатишга асос бўладиган инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар юзасидан сўров юборилди.
Натижада, 35 та назорат қилувчи органларнинг 27 таси томонидан тадбиркорлар фаолиятини тўҳтатишга асос бўладиган инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи 758 та омилларнинг дастлабки рўйхати шакллантирилди.
Омилларнинг хавф даражасини холисона ва аниқ мезонлар асосида аниқлаш мақсадида реестрга киртилган омиллар Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Хавфни баҳолаш ва даражасини ҳисоблаш услубиёти асосида Бизнес омбудсман билан биргаликда баҳолаб чиқилди.
Баҳолаш натижасида 758 та омилнинг 359 тасида, ёки 47 фоизида, хавф даражаси юқори эмаслиги, 102 таси ёки 14 фоизи юзасидан назорат қилувчи органда тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиш ваколати мавжуд эмаслиги, 177 таси ёки 23 фоизи лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари билан боғлиқ эканлиги ҳамда 88 таси ёки 12 фоизи бир-бирини такрорлаши аниқланди.
Натижада тадбиркорлар фаолиятини тўхтатиш учун асос сифатида кўрсатилган 726 та ёки 95 фоиз омил реестрдан чиқариб ташланиб, хавф даражаси юқори бўлган 32 та омил (4 фоиз) қолдирилди.
Шунингдек, тадбиркорлар фаолиятини чеклаш ва тўхтатиб туриш ваколатига эга бўлган назорат қилувчи органлар сони 27 тадан 16 тага қисқартирилди.
Ушбу хавф омиллари реестри Адлия вазирлигининг расмий веб-саҳифаларида, шунингдек new.birdarcha.uz ҳамда Бизнес омбудсманнинг “Ягона давлат назорати” саҳифасида жойлаштирилган ва барча учун очиқ ҳолатда юритиб борилади.
Шу билан бирга, 2025 йил 6 февралда Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестрини шакллантириш, унга янги омилларни киритиш ёки ўз аҳамиятини йўқотганларини чиқариш ҳамда ушбу реестрни барча учун очиқ ҳолатда юритиш тартибини белгиловчи Ҳукуматнинг 66-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур тизим, биринчи навбатда, мамлакатда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, улар учун қулай муҳит яратишга қаратилган бўлиб, назорат органлари фаолиятини тартибга солишда ҳамда тадбиркорлик фаолиятига давлат аралашувини камайтиришда муҳим восита сифатида хизмат қилиши кутилмоқда.