Вобкент: қишда Чорбоғкентдаги иссиқхоналарда ҳам баракали ҳосил етиштирилмоқда
2025-02-22 10:50:00 / Янгиликлар

— Иссиқхона қуриб, қишки мавсумда ҳосил етиштириш тажрибасини ўрганиб, томорқа хазина эканини тушуниб етмоқдамиз,—дейди Чорбоғкент қишлоғида яшовчи миришкорлардан бири Мақсуд Оқилов. — Оила аъзоларимиз билан бирга ҳар бири 1 сотихдан, иккита иссиқхона барпо қилиб, пешма-пеш ҳосил етиштираяпмиз. Бугунга келиб бир сидра бодринг ҳосилини етиштириб, бундан 100 килограм атрофида ҳосилни саранжомлаган бўлсак, мавсум охиригача жами 300 килограм ҳосил олишни кўзлаб турибмиз. Бу билан ҳар тупдан ўртача 1-1,5 килограмдан ҳосил олишга эришмоқдамиз. Қўлга киритилаётган даромад эса 8 миллион сўмдан кам эмас.
Айни пайтда Оқиловлар оиласи томорқадан йилига икки-уч марта ҳосил олмоқда. Асосан, помидор, бодринг, саримсоқпиёз, булғор қалампири алмашлаб экилиб, мўл ҳосил саранжомланмоқда. Ҳосилдан бўшаган ерга бироз «дам» берилиб, минерал ва маҳаллий ўғитга тўйинтириб, суғориб, экин ери тобига етганида иккинчи ҳосилга киришилмоқда. Албатта, бунда уруғ, минерал ўғит, биологик дорилаш, иситиш учун иссиқхона сарф–харажатидан ташқари эришилаётган фойда ҳам чаккимас.
—Енгил конструкцияли иссиқхона қуриш учун бошида молиявий жиҳатдан қийналганмиз. Аммо ўтган йили туман ҳокимлиги кўмагида «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида банкдан 10 миллион сўм имтиёзли кредит сармоясини олиб, иссиқхонани барпо қилдик,—дейди томорқасида меҳнат қилиб ҳузурланадиган Мақсуд Оқилов.— Шукрки, миришкор деҳқонлар тажрибасидан ўрганиб, бодринг, помидор ва кўкатлар экиб, етиштириб, баракали ҳосил олмоқдамиз. Муҳими, йил бўйи дастурхонимизда сархил мева–сабзавот бор. Ҳовлимизда парваришлаётган 20 тупдан ортиқ мевали дарахтимиздан ҳар йили мўл ҳосил оламиз.
Қолаверса, қишки мавсумда бу хонадон иссиқхонасида бир қарич ер бўш қолдирилмасдан, кўкат, исмалоқ, кашнич, шивит, редиска, саримсоқпиёз экиб тирикчилик қилинаётгани ҳам рўзғор кам-кўстини қопламоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати