Вобкентда Наврўз шодиёналари давом этмоқда
2025-03-20 15:10:00 / Янгиликлар

Марказий ўйингоҳда бўлиб ўтган байрам тадбирида ҳудуддаги 44 та маҳалла учун алоҳида павильонлар тайёрланиб, баҳорий ноз-неъматлар, миллий таомлар ва ширинликлар, анвойи гуллар билан безатилган давралар ҳозирланиб, шўх ўйин-кулгу, қадим анъана ва қадриятларимизга хос урф-одатлар, халқ амалий санъатига мансуб ҳунармандчилик намуналаридан баҳраманд бўлиш мумкин эди.
Муҳими, вилоятда илғор туманлардан бири сифатида Вобкентда яшовчи 130 мингга яқин аҳоли турмуш тарзи фаровонлашиб бормоқда.
Иқтисодиётга муносиб улуш қўшаётган туманда етакчи тармоқлар қаторида қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахтачилик ва ғаллачиликда банд бўлган фермер хўжаликлари ва агрокластерлар фаолияти ривожлантирилмоқда. Жумладан, 332 та фермер хўжалиги пахта ва ғаллачиликда банд бўлса, ўтган йили 6 минг 332 гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос пахта навлари экилиб, 39 минг тоннадан ортиқ хирмон кўтарилган. Шунингдек, Вобкент тумани деҳқон-миришкорларининг Қоровулбозор туманидаги «Янги ҳаёт» сув истеъмолчилари уюшмасига бирлашган жами 35 та фермер хўжалигида ҳам ҳар йили баракали ҳосил—пахта ва ғалла етиштирилмоқда.
Айни кунда туманда жорий йил ҳосили учун 6 минг 661 минг гектар майдонда сара буғдой экиб парваришланмоқда. Ғаллакорларнинг ўтган йилги хирмонига назар солсак, сара буғдой хирмони 17 минг 245 тоннадан ошган бўлиб, яна 15 минг тоннадан ошиқ бошоқли дон фермер хўжаликлари моддий манфаатдорлиги учун сарфланган.
Бундан ташқари, туманда пилла етиштиришда ҳам алоҳида тажриба мактаби шаклланган. Ипак қурти боқиш мавсумида бултур ҳудудда 295 та фермер хўжалигининг 2580 нафар, шунингдек, 860 та хонадондаги касаначи томонидан 5 минг 570 қути ипак қурти парвариш қилингани ҳолда 330 тонна атрофидаги «кумуш тола» хирмони барпо қилинган. Бунда ҳар қути ҳосил салмоғи ўртача 64 килограмга етказилган. Бу борада "Кумушкент ипаги" МЧЖ буюртмачи, таъминотчи ва пилла хом ашёсини қайта ишловчи корхона ҳисобланади.
Ҳудудда масъулияти чекланган жамияти шаклидаги "Вобкент тола кластер", «Экваториал Чодак» ва бошқа корхоналар ишлаб чиқариш имконияти кенгайтирилиб, маҳсулотлар хорижга экспорт қилинмоқда. Шу билан бирга, туманда жумладан, "Умид оил Вобкент парранда" МЧЖ, худди шундай, «Оқрабод», «Саъдулло», «Орзиобод», «Нуриддин-Мурод», «Турсунбозор Замини», «Холмурод Алишер», «Зокирбек чорва—2018», «Неъматов Амирбек Рустамович», «Нажим Тошобод» каби илғор фермер хўжаликлари, шунингдек, «Раззоқова Зарнигор Абдурасуловна» оилавий корхонасида қишлоқ хўжалиги экинлари, пахта ва ғалла етиштириш билан бирга чорвачилик, наслчилик ишлари, бўрдоқичилик билан бирга тухум ва парҳезбоп гўшт етиштиришда алоҳида тармоқ ривожлантирилмоқда. Бу каби корхоналар халқимиз дастурхонини сифатли ва арзон товуқ гўшти маҳсулотлари билан таъминлабгина қолмай, янги иш ўринлари яратилиши билан аҳамиятлидир.
Бир йилда Бешработ, Мўминобод, Кўлхатиб, Шоҳнигор, Чўрикалон, Ҳажувон, Хайрхуш, Ўзбакон ва Косари, Қурувчи, Вобкент каби маҳаллалар учун янги бинолар, ижтимоий соҳа иншоотлари, замонавий андозадаги аҳоли турар жойлари қуриб фойдаланишга топширилгани ўнлаб хонадонлар, ёш оилаларни беҳад хурсанд қилди.
Албатта, обод юртга байраму сайллар ярашади. Туман аҳолиси, жамоатчилик вакиллари, корхона ва ташкилотлар, муассаса ва маҳаллалар масъуллари, юртимиз халқ хўжалиги тармоқларида ўз беминнат хизмати билан ҳурмат-эътибор қозонган фидойилар, меҳнат фахрийлари ва албатта, ҳар соҳада етакчилик иқтидорини намоён этаётган ёшлар ҳозир бўлган «Ёшлик» ўйингоҳида Наврўз тантаналари қизғин тус олди. Юртдошларимиз катта шоду хуррамлик билан бир-бирини қутлаб, шу ёруғ кунларга етказгани учун шукроналар айтмоқдалар.
Байрам тадбирида миллий кураш мусобақалари, арқон тортиш, тош кўтариш, дорбозлар томошалари элимизга манзур бўлиб, бир томонда туман маданият уйи бадиий жамоалари куй-қўшиқлари, фольклор дасталари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг чиқишлари барчага байрамона кайфият бағишлади.
Саҳнада хушовоз эстрада хонандаси Ҳулкар Абдуллаева ҳам юрт тинчлиги, обод ва озод Ватанни, муҳаббатни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари орқали вобкентликларни баҳор байрами билан муборакбод этди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати