Бухоро тумани: “AKSA Enerji Bukhara” Арабхона маҳалласига янги спорт зали қуриб берди
2025-03-20 20:40:00 / Янгиликлар

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда мамлакатимизда турк сармояси иштирокида ташкил этилган қўшма корхоналар сони уч бараварга ошиб, ҳозирги кунда улар сони 2 мингдан ошган.
Туркиянинг “AKSA Enerji Bukhara” компанияси томонидан 2022 йилда Бухоро тумани “Работиқалмоқ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 6 гектар майдонда қуриб ишга туширилган, қуввати 270 МВт соатга тенг бўлган газ-поршенли иссиқлик электр станцияси тўлиқ қувватда ўз фаолиятини олиб бормоқда. Умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур лойиҳа Туркиянинг “AKSA Enerji” компанияси томонидан тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилган. Ҳозирда ушбу иссиқлик электр станцияси йилига 2,2 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариб, вилоят истеъмолини қоплашда катта ҳисса қўшмоқда.
Ҳолбуки, сўнгги йилларда аҳоли сони баробарида халқ хўжалигининг турли тармоқлари учун истеъмол сарфи кескин ошиб бораётгани бу борадаги талаб ва эҳтиёжни қондириш ва қўшимча қувватларни ишга туширишни тақозо этмоқда. Бошқача айтганда, янги тажриба ва замонавий ёндашув асосидаги мазкур лойиҳа туфайли тармоққа қўшимча 270 мегаватт ҳажмдаги қувват қўшилди. Бу эса амалда 1 миллионта хонадонни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш имкони яратилаётгани далолатидир.
Айнан Бухоро туманида ташкил этилган “AKSA Enerji Bukhara” хорижий корхонаси хайрли ишга қўл уриб, Арабхона маҳалласида вояга етаётган спортсевар ёшлар учун 19-сонли умумталим мактабида замон талабларига мос янги спорт залини қуриб берди.
Талабга жавоб берадиган шинам спорт залини фойдаланишга топшириш тадбирида вилоят ҳокимиинг ўринбосари Бахтиёр Адилов, шунингдек, “AKSA Enerji Bukhara” хорижий корхонаси вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда таълим даргоҳи ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олганлар барча шарт-шароитга эга бўлган спорт залини барпо қилишда жонбозлик кўрсатган қардош халқ вакилларига миннатдорчилик билдириб, мазкур спорт масканидан ёш чемпионлар етишиб чиқишига ишонч билдирдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати