Футбол: «Бухоро» янги футболчиларни таништирди
2025-03-22 13:30:00 / Янгиликлар

Тақдимот маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, Бухоро вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Ботир Зарипов, клуб раҳбарияти, “Бухоро” жамоаси мураббийлар штаби, асосий таркиб аъзолари ҳамда жамоанинг бир гуруҳ ишқибозлари иштирок этишди.
Тақдимот маросимида Ботир Зарипов сўзга чиқиб, жамоа футболчилари олдида турган масъулиятли вазифа хусусида фикр юритди.
— Мана, янги мавсумни ҳам бошлаб, дастлабки очколарни қўлга киритдик. Мақсадимиз битта — Суперлигада муносиб иштирок этиш ва юқори ўринларни эгаллаш. Зеро, 36 йиллик шонли тарихга эга бўлган, ўз вақтида Олий лигада совринли ўринлар учун курашган жамоанинг тарихини тиклашимиз зарур. Ўйлайманки, бу йил шакллантирилган таркиб билан жамоамиз мухлислар ишончини оқлаш учун бор куч-ғайрати, маҳорати ҳамда имкониятларини ишга солишади, — деди ботир Зарипов.
Шунингдек, вилоят раҳбари бугунги кунда футболчи ва мураббийлар учун барча шарт-шароитларни яратиб берилаётганлиги ҳам айтиб ўтиб, мураббий ва футболчиларга юқори маррани кўзлаган ҳолда чемпионатда фақат юқори ўринлар учун курашиш ва «Бухоро» жамоасининг аввалги шон-шуҳратини тиклаш вазифасини қўйди. Бу борада жамоа аъзоларига омад ёр бўлишига тилак билдирди.
Жамоа бош мураббийи Улуғбек Бақоев янги мавсумга тайёргарлик жараёнидан қониққанлигини, Тожикистон, Туркия каби давлатларда узилишларсиз тайёргарлик олиб борилганлигини қайд этди ва яратиб берилган шарот-шароитлар учун вилоят мутасаддиларига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, мураббий жамоанинг олдига қўйилган мақсад йўлида самарали меҳнат қилишини таъкидлади.
Шундан сўнг жамоанинг янги аъзолари таништирилди ва уларга «Бухоро» жамоаси футболкалари топширилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати