Халқ эъзолаган қаҳрамон: кўҳна Бухорода яна бир сайил кенг қулоч ёймоқда
2025-03-29 20:30:00 / Янгиликлар

Жавоб эса битта: илм, маърифат, донишмандлик, ҳақиқат, адолат – ҳар қандай бойлик ва дабдабадан устун. Бу ҳамиша Бухорода марказий ғоя бўлиб, ундаги мадрасалар орқали жаҳонга тарқатилган. Шу ғоя Бухоро шаҳрининг бош тараққиёт йўлини ҳам белгилаб берган.
Мана шу ғояни ифодалашда Насриддин Афанди ҳам ўзига хос тимсол ҳисобланади. Шунинг учун у оддий кийимда, адабиётда аҳмоқлик тимсолида талқин этилувчи эшакни ҳамиша жиловлаб миниб олган, шу кўринишда дунё кезган, кўзи ва лабида доимо кулги жилваланиб турган ҳаётсевар ва ҳақиқатпарвар қиёфасида тасвирланади.
Таъкидлаш жоизки, ўтмишда яратилган латифаларнинг барчасида ҳам Насриддин Афанди образи учрайвермайди. Жумладан, ИХ-ХИИИ асрларда Абунуввос, Талхак, Баҳлул, Жуҳо, Туфайлий, Кал, Кўса кабилар латифалар қаҳрамони сифатида фаол бўлган. ХИИИ асрнинг ИИ ярмидан ХИХ асрнинг И ярмигача булар сафини Алдаркўса, Мушфиқий, Мирали, Машраб, Жайронча, Камина ва Эсонпўлатлар тўлдириб келди. ХИХ асрнинг ИИ ярмидан эътиборан эса Хўжа Насриддин, ёки Насриддин Афанди, ёхуд қисқагина Афанди ўзбек латифаларининг марказий қаҳрамонига айланди.
Ўзбек халқ латифаларида Насриддин Афанди эзгулик ва ҳақиқат томонида турувчи, ҳар доим халқ манфаатларини толмай ҳимоя қилувчи адабий қаҳрамон тимсолида гавдалантирилади. У ҳамиша халқ ёнида туриб, халқ йўлида ҳақиқатни ҳимоя қилади. Бунда кулги ва сўз унинг асосий воситаси бўлиб хизмат қилади.
Насриддин Афанди ҳаётда ҳақиқатан ҳам яшаб ўтганми ёки йўқми, кўпчиликни шу савол қизиқтиради. Лекин ўзбек фольклоршунос олимлари Насриддин Афанди – халқ образини ўзида умумлаштирган тимсол деб қарайди. Шундай бўлсада, Насриддин Афанди образининг тарихий асоси – прототипи бор деган тахминлар ҳам мавжуд.
Ғоятда оммавий ва ҳозиржавоб, нозик қочиримли, майин кинояли, кичик кулгили ҳикоя бўлган латифаларни махсус тўплаб ўрганиш Бухородан бошланган. 1223 йилда Муҳаммад Авфий Бухорий (1172/1176 –1233/1242) латифаларни йиғиб, «Жавомеъ ул-ҳикоёт ва лавомеъ ур-ривоёт» (Ҳикоятлар тўплами ва ривоятлар зиёси) номи остида алоҳида китоб сифатида тартиб берган. Эҳтимол, шу ҳодиса ҳам Насриддин Афандининг (латифа жанрининг) юрти Бухоро деб қарашга замин яратгандир.
Умуман айтганда, латифаларга хос ҳаётсеварлик хусусияти, фикрни санъаткорлик билан ҳазилга йўғириб ифода этиш маҳорати, топқирлик, зукколик, ҳозиржавоблик сингари қатор фазилатлар алоҳида эътиборни тортади. Бу фазилатларни ёшлар онгига сингдириш, ҳар томонлама етук, баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишда муҳим восита сифатида хизмат қила олади. Латифалар эстетик ва эмоционал, ақлий ва ахлоқий тарбиянинг муҳим воситаси сифатида айрича аҳамиятга эга. Чунки уларда турли ижтимоий-сиёсий, ахлоқий ғоялар бетакрор бадиий шаклда ифода этилганлиги билан диққатни тортади. Ундаги кулги, айниқса, беозор ва самимий кулги кишининг руҳиятига енгиллик бағишлайди, инсон кўнглидаги ғуборларни тозалайди.
Латифалар тингловчиларнинг дунёқарашини ўстириши билан бирга, нутқ бойлигини ҳам ривожлантиради. Бадиий тафаккурини тараққий топтиради.
Шуни инобатга олиб, мана, бир неча йилдан бери Бухоро шаҳрида Насриддин Афанди шарафига кулги куни фестивали ўтказилиши анъана тусини олди. Бу фестивалнинг нуфузи йилдан-йилга ошиб, қамрови кенгайиб бормоқда. Фестиваль доирасида Бухорога хос миллий таомлар ва пишириқлар, маҳаллий ҳунармандларнинг кўргазмалари, танловлари ҳам ташкил этилмоқда. Бир сўз билан айтганда, кўҳна Бухорода яна бир сайил кенг қулоч ёймоқда.
Дармоной Ўраева,
БухДУ профессори филология фанлари доктори