Бухорода “Алишер Навоий энциклопедияси” тўрт жилдлиги тақдимоти ўтказилди
2025-04-07 12:50:00 / Янгиликлар

Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлигида мамлакат зиёлилари ташаббуси билан нашрга тайёрланиб чоп этилган “Алишер Навоий” энциклопедияси кўп йиллик орзунинг ушалиши, десак муболаға бўлмайди. Зеро, кейинги йилларда буюк бобокалонимизнинг ижодига бўлган қизиқиш янада кучайди. Унинг асарлари тадқиқига эътибор ошмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ижроси доирасида амалга оширилган бу иш навоийшуносликнинг кўплаб долзарб масалаларига ойдинлик киритиб бериши билан аҳамиятлидир. Қолаверса, унда қизиқарли ахборотлар, ўзига хос ёндашувлардан ташқари, навоийшунос олимлар тўғрисида ҳам маълумотлар берилган. Бу ёш тадқиқотчилар учун дастуриламал вазифасини ўтайди. Чунки Алишер Навоий номи миллат номи билан бир қаторда туради. Ҳассос олим Иброҳим Ҳаққул таъбири билан айтганда, Навоий туркий шеъриятнинг пойтахтидир. Ҳамма шу пойтахтга қараб интилади.
Тақдимот маросимида сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Шодмон Сулаймонов, вилоят ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Акбар Рустамов, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти директори ўринбосари Мақсуд Асадов, Қўқон университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зебо Қобилова ва бошқалар ана шулар ҳақида атрофлича тўхталди. Шунингдек, тадбирда кўплаб шогирдлар устози саналган олим, файласуф Иброҳим Ҳаққулнинг хотираси ёд олиниб, унинг навоийшунослик ривожига қўшган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. Худди шундай тадбир Бухоро давлат педагогика институтида ҳам бўлиб ўтди.
Истам Иброҳимов,
Журналист