Вобкент: латифсобунгарлик Анвар Файзиев помидор ҳосилини 4 тоннага етказмоқда
2025-04-28 14:45:00 / Янгиликлар

“Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” тамойили асосида туманда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари, экин ерларидан самарали фойдаланишга доир тарғибот ишлари кучайтирилган. Жумладан, Латифсобунгар, Шакаркент, Қипчоқ, Халач, Кумушкент, Бозоржойи, Косари, Шоҳнигор, Чангарон каби маҳалла фуқаролар йиғинларида томорқачилик маданиятини шакллантириш, уларда “Бир контур—бир маҳсулот” меъзонига мувофиқ сабзавотчилик, кўчатчилик, қулупнай, карам, цитрус мева, ҳатто гулчиликда пешқадам бўлган миришкор хўжаликлар тажрибасини оммалаштиришга эътибор қаратилмоқда.
Айнан Латифсобунгар маҳалласида ердан унумли фойдаланаётган миришкорлардан бири Анвар Файзиев бошлиқ оила аъзоларидир. Айни пайтда бу хонадон ҳовлисида 5 сотихдан иборат иссиқхонаси бўлиб, ҳар йили бундан уч марта ҳосил олинмоқда.
Айтиш жоиз, февраль ойидан ер тайёрланиб, картошка, помидор, бодринг, булғор қалампири ва турли кўкатлар экиб етиштиришга киришилган. Ўтган йили якунида хонадон аҳли картошканинг серҳосил навидан 3 тоннага етказиб ҳосил олган бўлса, шу кунларда картошка билан бирга помидор экиб, бундан мўл ҳосилга эришиб, хўжаликка 80 миллион сўм атрофида даромад киритиш кўзланмоқда.
Иссиқхонадаги барча агротехник тадбирлар агрономлар тавсияси ва кўп йиллик тажрибага асосланган. Ҳозирда 1200 туп помидор кўчатларидан пишган помидор ҳосили томорқанинг ўзидан сотилмоқда. Мавсум охирига қадар миришкорларо 4 тонна ҳосил олишни кўзлашмоқда.
Умуман, ўтган 2024 йилги деҳқончилик мавсумида ҳудуддаги томорқа ва иссиқхоналарда умумий миқдори 8400 тоннадан ошириб помидор, 1 минг 808 тонна бодринг, 8192 тонна картошка, 1840 минг тоннадан ошиқ карам, 453 тонна булғор қалампири, 426 минг тонна саримсоқпиёз, шивит, кашнич, редиска, исмалоқ каби кўкатлар, яна 1300 тоннадан ошиқ бошқа сабзавот маҳсулоти етиштирилиб, элимиз дастурхонига тортиқ қилинган бўлса, жорий йилда етиштирилаётган сабзавот-полиз маҳсулотлари салмоғи ўтган йилгидан асло кам эмас. Эрта баҳорда экиб етиштирилаётган картошкадан бу йил 85 минг тоннага етказиб ҳосил олиш режалаштирилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати