Шофиркон: хитойлик сармоядорлар 200 гектар яйлов ерини ўзлаштириб, чигит экишмоқда
2025-04-28 18:10:00 / Янгиликлар

Жумладан, Шофиркон туманида ҳам шундай истиқболли лойиҳа ва ташаббуслар, узоқ йиллик тараққиётга хизмат қилувчи агролойиҳалар ҳам рўёбга чиқарилаётгани катта аҳамиятга эга, албатта.
Ўтган 2024 йил июнида туманда расмий давлат рўйхатидан ўтган хитойлик тадбиркор Лиу Женгчун бошчилигидаги “Chun Chuan” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан тенг манфаатли ҳамкорлик асосида чўл массивидан 2 211 гектар ер майдони обод қилиниб, мўл ҳосил, барака ва бандлик мақсадларида экишга тайёрланмоқда.
Хитойлик инвесторлар томонидан олиб кирилган агротехника воситалари, томчилаб суғориш тизимлари, плёнка усули ва серҳосил уруғлар — буларнинг бари замонавий қишлоқ хўжалигининг муҳим қисмларидир. Хитойлик мутахассислар томонидан дастлабки босқичда 200 гектар яйлов ер майдони тайёрланиб, чигит экиш ишлари бошлаб юборилди. Эндиликда бу ер қаровсизлигича қолмайди, балки ҳар бир гектар майдон маҳаллий иқтисодиётга миллионлаб фойда келтиради.
Мазкур лойиҳа умумий қиймати 18 миллион АҚШ долларига баҳоланган бўлиб, 2025 йил якунига қадар камида 7 миллион долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилади. Муҳими, бу саъй-ҳаракат доирасида 60 нафаргача маҳаллий аҳоли вакили учун доимий иш ўрни яратилади. Бу нафақат иқтисодий ўсиш, балки ижтимоий барқарорлик ҳамдир.
—Бугун юртимизда хорижий инвесторлар учун шундай қулай ва ишончли шароит яратилмоқдаки, бу лойиҳа ҳам бир томони Қизилқум чўлига туташ туманимизда очилаётган янги ерлар, қишлоқ хўжалиги учун янги давр десак, муболаға эмас,—дейди туман ҳокимининг ўринбосари Азамат Ражабов.—Бугун бу масканда замонавий технология асосида чигит экилмоқда. “Оби ҳаёт” таъминотига келсак, томчилаб суғориш орқали сув тежалади, ҳосилдорлик ошади. Бу тажриба албатта, ўзини оқлашига қатъий ишонч бор.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати