Бухоро тумани: Янги турмушда Юсуповлар уй хўжалиги бошқаларга ибрат
2025-04-29 12:15:00 / Янгиликлар

Жумладан, айн кунда Қоражери, Бешариқ, Ипакчи, Чорраҳа, Десўхта, Чармгар ва Кечқаноқ қишлоқларини ўзида бирлаштирган «Туркон» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам асосан ўзбек ва туркман миллатига мансуб, жами 1 минг 380 та оила, 1 минг 106 та ортиқ хонадон ва уларда жами 6 мингдан ортиқ аҳоли вакили истиқомат қилмоқда.
«Янги турмуш» маҳалла фуқаролар йиғини «еттилик» масъуллари томонидан бу борада кўчама-кўча, уйма-уй юрилиб, аҳолини камбағалликдан чиқариш, экин ери, томорқадан самарали фойдаланишга доир тарғибот ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Шу маҳалланинг Бешариқ қишлоғида яшовчи Ўктам Юсупов ҳам намунали чорвадор, томорқачи, ибратли уй хўжалиги соҳиби ҳамдир. Ўктам Юсупов хонадонидаги томорқасидан самарали фойдаланиб, ҳар мавсумда картошка экиб, мўл ҳосил етиштириб келади. Айни кунда бу хонадонга кирган кишининг кўзи қувнайди. Бундан ташқари, Юсуповлар уй хўжалиги оғилхонасида 25 бош наслли чорва моли, сигир-бузоқ, бўрдоқига боқилаётган хўкизлар, зотдор қўй-қўзи парваришланаётгани бир оила моддий манфаатдорлигига хизмат қилмоқда.
—Эсимизни танибмизки, дала-деҳқончилик ишлари, уйда мол боқиш отамерос бизга,—дейди миришкор хонадон соҳиби Ўктам Юсупов.—Шу йил бошидан маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида банкдан ажратилган 100 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ҳисобига қўшимча 10 бош наслли чорва моли сотиб олиб, мол сонини 25 бошга етказдик. Шу қорамоллардан ярмини соғин сигирлар ташкил этмоқда. Айни пайтда улардан ҳар куни ўртача 15 литрдан сут соғиб олинмоқда. Сутни бозорга сотиб, қўшимча даромад орттираётган бўлсак, оғилхонамиздаги 10 бошдан зиёд ҳўкиз парваришини ҳам талаб даражасида олиб бориб, улар кунлик озуқа рационига амал қилмоқдамиз. Бу ишдан қўлга киритаётган йиллик соф даромадимиз эса 150 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бундан ташқари, оғилхонамизда 20 бош майда шохли мол, қуён ва товуқ парваришлашни бошлаганмиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати