Шофиркон: савраклик Раъно ая 76 ёшида ҳам пиллакорлар «бригадири»
2025-05-02 20:30:00 / Янгиликлар

Туманнинг «Саврак» пиллани қабул қилиш масканида алоҳида павильонда кейинги йилларда 10 қутидан 15 қутигача ипак қурти боқиб, 1 тоннадан ошириб «кумуш тола» етиштириш тажрибаси шаклланган. Бу борада ўндан ортиқ маҳаллий пиллакор чеварни ўзида жамлаган гуруҳга пири бадавлат, 76 ёшни қаршилаётган Раъно ая Усмонова бошчилик қилмоқда. Меҳнатда «суяги қотган» онахон шу ёшда ҳам фаол, ғайрат-шижоат билан ипак қурти парваришлаб, шогирдларига ибрат-намуна бўлмоқда.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳудудда пилла етиштиришнинг бориши билан танишар экан, савраклик пиллакор онахон самимий суҳбат қурди.
—Гарчи бир ойлик меҳнат бўлсада, туну кун ҳаракат ва таъминотни тақозо этадиган жараён бу. Балки шунинг учун юртимизда пиллакорларга бир мавсумдаги машаққати учун бир йиллик иш стажи ҳисобланмоқда,—дейди онахон Раъно Усмонова.—Яна ҳар қути ипак қурти учун олдиндан 500 минг сўм рағбат пули тарқатилиб, режадан ташқари ҳар килограм ортиқча топширилган пилла учун тарози бошида мукофот пули берилиши кўплаб хонадонлар учун қўшимча даромад.
Пилла етиштириш ҳар бир кишидан эътибор, сабр-тоқат ва ҳаракатни талаб қилади. Шу боис, зиммамиздаги ишни ҳар йили астойдил бажариб, кўзлаган ҳосилни етиштириб, албатта, тўккан пешона теримизга яраша моддий манфаат топиб келмоқдамиз. Жамоамизга келсак, аксари маҳалладаги ишсиз, ижтимоий муҳофазага олинган аёллар бўлиб, мавсумда яхшигина фойдага эга чиқишмоқда.
Айнан Раъно Усмонованинг пиллакорликдаги шахсий ташаббуси ва ғайрат-шижоати, вақт билан ҳисоблашмасдан, ҳатто тунлари ҳам ипак қурти ривожини кўздан қочирмай, шижоат билан ишлаётгани атрофдаги пиллакор хонадонлар аъзолари учун яққол намуна.
Онахон жамоаси ҳадемай кўзланган ҳосилни ошиғи билан тарозига тортиб, 200 миллион сўмга яқин даромад қилиш ҳаракатида.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати