Ботир Зарипов когонлик ёш тадбиркорлар билан учрашди
2025-05-05 16:40:00 / Янгиликлар

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари ёшлар билан ўтказилган учрашувларда ҳар бир ҳудудда ёшлар учун саноат ипотекаси асосида тайёр ишлаб чиқариш бино-иншоотларини қуриб, ёш тадбиркорларга кредит асосида беришга доир тавсия ва топшириқлар берилган. Бунда “Алоқабанк” вилоят филиали орқали бино-иншоотларни сотиб олиш учун 2 йиллик имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 18 фоиз устама тўлаш шарти билан 5 миллиард сўмгача миқдорида банк кредит маблағини ажратишга қаор қилинган.
Айтиш жоизки, Бухоро вилоятидаги ёшлар саноат зоналари фаолиятини такомиллаштириш бўйича янги тизим жорий қилинган. Аниқроғи, Бухоро шаҳрида 2,9 гектар, Ромитан туманида 2, Когон ва Шофиркон туманларида 1 гектардан, Ғиждувон туманида 2,3 гектар, бошқа туманларда жами 9,2 гектар майдонда саноат ипотекаси асосида тайёр бино-иншоотлар қурилиб, шу йилнинг сентябр ойига қадар фойдаланишга топширилиши мақсад қилинган.
Шу нуқтаи назардан, бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида Когон тумани, “Туткунда” МФЙдаги ёшлар кичик саноат зонасида тегишли масъуллар, қурувчи ҳамда ёш ташаббускорлар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида умумий фаолиятга бағишланган маҳорат сабоғи бўлиб ўтди.
Муҳокамада ёш тадбиркорларнинг лойиҳа-таклифлари бирма-бир муҳокама қилиниб, таклифларни инобатга олган ҳолда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда аукцион савдоларига чиқариш, ёш бизнес вакиллари талабига мувофиқ қурилиш ва асбоб-ускуна харид қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича тегишли масъулларга топшириқлар берилди. Эндиликда бу тажрибани вилоятнинг барча ҳудудларидаги саноат зоналарида кенг қўллаш-чоралари кўрилмоқда.
—Когон туманида юқори технологияларга асосланган замонавий саноат қувватларини ишга тушириш, ички ва ташқи бозорлар учун рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича қатор лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда,—дейди вилоят кичик саноат зоналари ва ёшлар кичик саноат зоналари дерекцияси раҳбари Феруз Ҳусенов.—Айнан “Туткунда”даги ёшлар кичик саноат зонаси бу борадаги имкониятларни янада ошириб, кўпроқ иш ўрни яратиш, маҳсулдорликни ошириш ва ишчи жамоа моддий манфаатдорлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Вилоят раҳбари бу ерда ўттиздан ортиқ ёш ташаббускор тадбиркорлар билан учрашиб, фаолиятни изчил йўлга қўйишга доир фикрлашиб, масъулларга зарур тавсияларини бердилар. Бор куч ва имконият яқин ойларда мазкур 1 гектардан иборат бўлган ҳудудни зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларига эга, бизнес вакиллари билан гавжум масканга айлантиришга сафарбар этилмоқда.
Вилоят ҳокими бошчилигидаги муҳокамада ёш ташаббускорлардан Шерзод Саломовнинг еврозабор девори ишлаб чиқариш, Азиз Солиевнинг пенаблок, Лазиз Файзуллаевнинг шлакоблок, Соҳиба Рамазонованинг реклама устуни тайёрлаш, Шаҳзод Сафаровнинг эшик-дераза ромлари ясаш, Дилмурод Бекмуродовнинг мармар тошга ишлов бериш, Фарҳод Раҳимовнинг паррандачиликни ривожлантиришга доир қатор бизнес лойиҳалари кўриб чиқилди. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан вазхифалар белгиланди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мулоқотда шаҳар-туманлар ҳокимлари, тегишли тижорат банклари ва бошқа ташкилотлар мутасаддиларига ҳудудлардаги ёшлар ва кичик саноат зоналарида малга оширилиши кўзда тутилган лойиҳаларни жалаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати