Қоракўл: Фахриддин Сатторов шлакоблок цехини очиб, 4 кишини ишли қилмоқда
2025-05-06 19:00:00 / Янгиликлар

Чекка туманнинг Полвонлар маҳалласида ҳам айни кунда 536 та хонадон, 725 та оила бўлиб, уларда умргузаронлик қилаётган аҳоли сони 3 минг нафардан ортиқ. Сўнгги бир йилда мазкур маҳалладаги ишсиз фуқароларнинг 266 нафарини доимий ишга жойлаштириш, уларнинг 282 нафарини ўзини ўзи банд қилишга, 144 нафарини мавсумий ишларга жалб қилишга яқиндан кўмаклашилмоқда.
Шунингдек, бу тоифадаги эҳтиёжманд оилалардан 252 нафар фуқарога қарийиб 5 миллиард сўм миқдоридаги банк кредит сармояси ажратилган бўлиб, ҳаваскор тадбиркор сифатида уларга иш бошлашлари, даромадли бўлишлари учун имконият яратилмоқда. Шу ҳаракат ортидан бугунга келиб ҳудудда 12 та юридик корхона, 16 та якка тартибдаги тадбиркор ва 36 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда.
Шундайлардан бири, Полвонлар қишлоғида яшовчи Фахриддин Сатторов хонадонида кичик корхона ташкил қилиб, қурилишбоп материаллардан шлакоблок тайёрлашни йўлга қўйди. Ички бозор, талаб ва таклифни ўрганган ёш тадбиркорнинг цехидан чиқаётган маҳсулотга бугун талаб катта. У ҳозирда 5 кишини иш билан таъминлаб, моддий манфаат топишида кўмаклашмоқда.
—Ўзи одамларимизга имконият яратиб берилса, шу каби бизнес лойиҳаларини ўнлаб ташкил этиш, оилалар турмушини янада фаровон этиш мумкин,—дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Жалол Болтаев.—Шу боис, Фахриддин Сатторов сингари ёш ташаббускорлар фаолиятини кенгайтириш, кўпроқ иш ўрни яратиш ҳаракатидамиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати