Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Вобкент туманида оғир маҳаллалардаги ишсиз ёшлар билан учрашди
2025-05-08 14:15:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими топшириғига асосан, ҳар бир раҳбар ўзига бириктирилган ҳудуддаги маҳаллага бориб ёшлар билан, айниқса, оғир (“қизил”) тоифадаги маҳалла ва улардаги эҳтиёжманд ёшлар билан учрашиб, уларнинг ташвиш-муаммоларини бартараф этиш, яқиндан кўмаклашиши мақсад қилинган.
Шу нуқтаи назардан, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов Вобкент туманидаги маҳаллаларида истиқомат қилаётган шу тоифадаги ёшлар билан учрашиб, тегишли ташкилот ва бошқармалар бошлиқлари, масъул мутасаддилар билан бирга улар ташвиш-муаммоларини ўрганди.
Оғир (“қизил”) ва ишсиз тоифага киритилган ёшлар билан ишлаш бўйича Вобкент тумани штабида бўлиб ўтган юзма-юз мулоқотда мамлакатимиз Президентининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-330-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманда “ижтимоий реестрга” киритилган кам даромадли фуқароларни даромадини ошириш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни камбағалликдан чиқариш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, хориждан ўз лаёқатига мос, кафолатланган меҳнат шароитларида ишлашни истовчи меҳнат мигрантларига яратилаётган шарт-шароит ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Айни кунда Вобкент туманида юқоридаги тоифага мансуб маҳаллаларда 511 нафар ишсиз йигит-қиз рўйхатга олинган бўлиб, бу ёшларнинг 25 нафарига даромад манбаини яратиб бериш, моддий манфаатдорлигини таъминлаш орқали ижтимоий муҳофазалаш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Ахмедовга бириктирилган.
Шу нуқтаи назардан, учрашув ва самимий суҳбат сўнгида бириктирилган ёшлар билан ишлаш бўйича “йўл харитаси” тузилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўриладиган бўлди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати