Ботир Зарипов бухоролик уруш қатнашчиларига Президент табригини етказди
2025-05-08 17:15:00 / Янгиликлар

Мазкур ҳужжат эълон қилинган пайтда вилоятда 4 нафар уруш қатнашчиси – Ҳожимурод Бектошев, Файзулла Ходжиев, Норбой Қаршиев, Аҳмад Муҳсинов, шунингдек, 1941-1945 йилларда Ленинград шаҳри қамали даврида шаҳар корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида ишлаган ҳамда фашистларнинг концлагерларида бўлган Рейда Ресутова ҳамда Катизе Менсеитова ҳаёт эди. Афсуски, ўтган вақт мобайнида Райде Ресутова вафот этди.
Шундай бўлса-да давлатимиз раҳбарининг байрам табриги, ажратилган пул мукофоти ва совғалар бугун байрам арафасида вилоят ҳокими Ботир Зарипов томонидан унинг оила аъзоларига етказилди. Шунингдек, “Нуроний” жамғармаси, вилоят мудофаа ишлари, ижтимоий миллий ҳимоя агентлиги бошқармалари томонидан ҳам совғалар берилди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамроҳлигидаги жамоатчилик вакиллари “Ширбудин” кўчасида яшовчи Катизе Менсеитова хонадонида ҳам бўлишди.
Вилоят ҳокими онахонни байрам билан самимий табриклаб, Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди ва пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғаларни топширди. Улар кўрсатган жасоратни халқимиз асло унутмаслигини, яна кўп йиллар роҳат-фароғатда яшашликларини тилади.
Ўз навбатида уруш фахрийлари ҳам бугунги дориломон замонда уруш ва меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган чексиз ғамхўрликдан ниҳоятда мамнун эканлигини билдирди. Қолаверса, фахрийлар юртимиз тинчлиги, эзгу ниятларимиз ижобати, фарзандларимиз бахту камолини сўраб дуо қилдилар.
Албатта, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, улар қаторида фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, аҳоли фаровонлиги йўлида фидокорона хизмат қилган меҳнат қаҳрамонларининг жасоратли ишлари келгуси авлодлар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати