Вилоят ҳокимининг ўринбосари ғиждувонлик ёшлар билан мулоқот қилди
2025-05-12 19:30:00 / Янгиликлар

Шу нуқтаи назардан, вилоят ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Ризо Асадов Ғиждувон туманида ижтимоий оғир маҳаллалардан сараланган, ҳар жиҳатдан қўллаб-қуввватлашга муҳтож ёшлар вакиллари ҳамда уларнинг ота-оналари билан юзма-юз учрашиб, самимий мулоқот қилди.
Учрашув давомида ўттиздан ошиқ йигит-қизлар томонидан билдирилган мурожаатлар, хусусан бандлик, тадбиркорликни бошлаш учун зарур шарт-шароит, таълим ва бошқа ижтимоий муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Ҳар бир мурожаат диққат билан тингланиб, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.
Айниқса, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшларга зарур тавсиялар берилиб, амалий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилди. Улар учун тижорат банклари имтиёзли кредит сармоясини ажратишга дахлдор масалаларга ечим изланди. Шунингдек, ёшларни касб-ҳунар, фан, чет тилларига ўқитиш, бандлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиш, улар билан ватанпарварлик ва бўш вақтни мазмунли ташкил этишга доир тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, ҳаётда ўз ўрнини топиши ва иқтидорини намоён қилишга кўмаклашиш борасида келишиб олинди.
Тадбирда туманнинг Кўкча маҳалласида яшовчи, алоҳида тоифага киритилган Жавлон Нарзуллаев, Роҳатой Исломова, Юлдуз Усмонова, Олмазор маҳалласида истиқомат қилаётган Маҳмуд Муродуллаев, Сардор Ҳусенов, Талъат Раҳмонов, Қорахони маҳалласида умргузаронлик қилаётган Азиз Иззатуллаев, Зуҳра Сатторова, Наврўз Нишонов сингари ёшлар оилавий аҳволи, меҳнат лаёқати, ижтимоий муҳофазасига доир ўрганиш олиб борилиб, уларни моддий қўллаб-қувватлаш, уларга даромад манбаини яратиб бериш чоралари кўрилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Р. Асадов ёшларни Бухоронинг “драйвери” сифатида эътироф этиб, баркамол авлод вакилларининг фикр-мулоҳазалари, ташаббус ва таклифларини атрофлича эшитиб, уларнинг фаоллигини қўллаб-қувватлаш юзасидан туман мутасаддиларига ўз тавсияларини берди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати