Ботир Зарипов Газлида аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатларини ўрганди
2025-05-12 20:00:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули учун жой – Газли шаҳри танлагани бежиз эмас.
Тўғри, ўтган йиллар давомида кўп миллатли шаҳарда улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ҳудуд инфратузилмасини янада яхшилаш, одамларнинг ҳаёт даражасини ошириш ишларига катта эътибор қаратилди. Масалан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Учқир” газни олтингугуртдан тозалаш қурилмасида пропан бутан аралашмасини олиш қурилмасини қуриш бўйича қиймати 49,4 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилгани шаҳарнинг саноат салоҳиятини ўзида намоён этган бўлса, “Газли кўп тармоқли спорт мажмуаси”нинг қад ростлагани чўлқуварлар оилаларини спортга ҳамнафас яшашлари, жисмонан бақувват бўлиши учун зўр имконият яратди. Бу каби ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга ҳали бу ерда ечимини кутаётган муаммолар ҳам талайгина. Биргина мисол. Шаҳарда чорвачилик ёки деҳқончилик билан шуғулланиш истагидаги фуқаролар бор. Бироқ экинларни суғориш учун имкон йўқлиги туфайли одамларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари чекланган. Шунингдек, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидан ташқари йирик ишлаб чиқариш субъектлари бўлмаганлиги боис чўл ҳудуди аҳолисини ишли ва даромадли қилиш муаммога айланиб бормоқда.
Ботир Зариповнинг шаҳар аҳолиси билан очиқ мулоқотида айни жиҳатлар аҳолида тилга олинди.
Очиқ, самимий руҳда кечган мулоқот давомида аҳолини қийнаётган масалалар ва уларнинг ечимига эътибор қаратилди. Ҳудудни янада ривожлантириш таклифлари ўрганилди.
Қабулга келган 80 нафар фуқаронинг жами 97 та мурожаати кўриб чиқилди. Шундан 7 таси жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш ва муддат талаб этадиган мурожаатлар бўйича “йўл харитаси” тузилиб, тегишли масъулларга муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқ ва вазифалар берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.
Қабулда асосан ишга жойлаштириш бўйича мурожаатлар келиб тушганлиги боис вилоят ҳокими мазкур масалага ижобий ечим топиш зарурлигини таъкидлаб, бу борадаги таклиф ва ташаббусларни ҳам ўрганди.
— Ҳудудаги ўрганишлар давомида кўрдикки, бўш турган давлат мулки объектлари анчагина. Шу объектларни ташаббускорларга қонуний тартибда бериш орқали кичик-кичик ишлаб чиқаришларни ташкил қилса бўлади. Вилоят раҳбари сифатида қандай ёрдам керак бўлса, қўллаб-қувватлашга тайёрман. Ҳам одамлар даромад манбаига эга бўлади, ҳам ўша ташландиқ ҳолда ётган бинога файз киради, - деди Ботир Зарипов.
Шаҳардаги тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари билан ўтказилган мулоқотда вилоят ҳокими айни шу масала юзасиданг фикр алмашди. Шунингдек, уларнинг ҳам муаммоларига қулоқ тутди. Пухта ўйланган таклифлар бўйича якдил қарорга ҳам келинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати