“Фаровон оила сари” ойлигида вилоятимиз шаҳар ва туманларидан 13 та ибратли оила эътироф қилинди
2025-05-15 19:40:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда ҳам мазкур сана алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш, хайрли ва эзгу мақсадларга хизмат қилувчи оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган намунали оилалар тажрибасини оммалаштириш, уларни “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирлаш анъанага айланган. Бу борада жорий йилда ҳам вилоятлар ва шаҳар-туманлар бўйлаб ўнлаб, балки, юзлаб оила эътироф этилиб, юқори эътирофга муносиб топилди.
Айни кунда "Халқаро оила куни" муносабати билан юртимизда шу йилнинг 10 май-10 июнь кунлари оралиғида—“Фаровон оила сари” ойлиги эълон қилинган. Оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган намунали оилаларни юзага чиқариш халқимизга хосм бағрикенглик ва инсонийлик ифодасидир.
Республика комиссияси томонидан жорий йилги ойликда Бухоро вилояти бўйича 137 та хонадон аҳли “Ибратли оила” кўкрак нишонига муносиб деб топилган. Шу муносабат билан вилоят марказидаги “Wyndham Bukhara” меҳмонхонасида “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” шиори остида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Маданий-маърифий тадбирда вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги маҳалла ва қишлоқлар бўйлаб сараланган жам 13 та оилага “Ибратли оила” кўкрак нишони, гувоҳномаси, пул мукофотлари тантанали равишда топширилди. Бошқаларга ибрат-намуна ўлароқ, мазкур хонадонлар кириш эшиги ёки дарвозасида ҳам муайян ёзувли лавҳачалар ўрнатилади.
Ушбу маросимда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар масалалари бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артикова оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, оилада вояга етаётган фарзандлар таълим-тарбиясига эътиборни кучайтириш, жамиятда соғлом муҳит барқарорлиги ва ривожи учун муносиб ҳисса қўшаётган, ҳар жабҳада ибрат кўрсатаётган оилаларни самимий табриклаб, миннатдорлигини билдирди.
Тантанада шунингдек, Ўзбекистон республикаси Маданият вазирининг ўринбосари Юсуфжон Усмонов иштирок этди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати