Президент топшириғи амалда: Ғиждувондаги маданият маркази қурилиши якунланмоқда
2025-05-19 16:20:00 / Янгиликлар

Шу нуқтаи назардан, «Бухоро агрокластер» пахта-тўқимачилик кластерининг маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш, халқ ҳаваскорлик жамоалари учун муносиб шароит яратиш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ёшларнинг амалий ва тасвирий санъатда ўз маҳоратини ошириши учун қулайлик ҳозирлаш мақсадида маданият маркази қуриш ташаббуси қўллаб-қувватланганди.
Маданият маркази учун Ғиждувон тумани марказидаги «Чорсу» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан қарийб бир гектар ер майдони ажратилган бўлиб, унинг ярим гектарли қисмида лойиҳага биноан икки қаватли иншоот қурилиши якунига етказилмоқда. Лойиҳага кўра, марказ кинотеатр ва томоша заллари, мусиқа ва санъат тўгараклари хоналари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари учун алоҳида жиҳозланадиган хоналар, қолаверса, ошхона ва буфетдан иборат бўлади.
Худди шундай, муассасада мусиқа ва санъатга ошуфта баркамол авлод учун марказда анъанавий хонандалик, рақс, драма, анъанавий чолғу асбоблари, дойрачилар тўгараклари фаолияти йўлга қўйилади.
Тез орада фойдаланишга топширилиши мақсад қилинган маданият маркази 200 нафардан зиёд ғиждувонлик ёш истеъдод соҳибини ўз бағрига олиши кутилмоқда. Масканни ҳомийлик маблағи асосида талаб даражасида жиҳозлаш, зарур инвентарлар, қаттиқ ва юмшоқ мебель билан таъминлаш ҳам диққат-эътиборда.
Эътиборлиси, бу муассаса ишга туширилгач, унда 30 нафарга яқин ижодий ходим, педагог ёш авлод таълим-тарбиясига жалб қилинади.
Бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов мазкур объектда бўлиб, амалга оширилган ишларни кўздан кечирди. Марказни мазмун жиҳатдан бойитиш юзасидан ўзининг таклиф ва тавсияларини берди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати