Бухорода “Pekiti Tirsia Kali” жанг санъати бўйича халқаро семинар-тренинг ўтказилмоқда
2025-05-22 22:15:00 / Янгиликлар

Эътиборлиси, шу йил 10 июнь кунига қадар давом этадиган семинар-тренинг машғулотлари, ўзаро куч синашиш баҳсларида мамлакатимиз билан бирга қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғиз республикалари миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, куч тузилмалари иштирок этишмоқда.
Халқаро ҳарбийлаштирилган спорт турнири—семинар-тренинг тантанали очилиш маросимида иштирокчи давлатлар жамоалари ва улар мураббий ҳамда қўмондонлари, шунингдек, “Pekiti-Tirsia-Kali” спорт тури жаҳон федерацияси раиси Роммэл Тортал, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Миллий гвардия бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Фозиловлар иштирок этиб, маҳорат намойишига айланадиган чиқишларда барча спортчиларга муваффақият тиладилар.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ўз табрик сўзида таъкидлаганидек, “Pekiti-Tirsia-Kali” яккакураши бу нафақат спорт тури, балки замонавий ҳарбий-амалий тайёргарликда ҳам ўз ўрнига эга кучли жанговар санъатдир. Бу жанг санъати ўз таркибига қуролли ва қуролсиз ҳимояланиш техникаси, стратегик фикрлаш, мувозанатнинг ҳужум-ҳимоя услубларини жамлаган бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, куч тузилмалари шахсий таркиби жисмоний шайлигини оширишда жуда қўл келади.
Бунда ҳарбий хизматчилар билан бирга юқори малакали мураббийлар, хорижий тажрибани ўзлаштирган мутахассис спортчилар машғулотларини ўтишади. Машғулотлар нафақат спорт ва жанговар тайёргарлик, балки қатъий интизом, фидойилик ва юртга астойдил хизмат қилиш руҳини сингдириши билан аҳамиятли.
“Universal” спорт мажмуасида халқаро спорт тадбири ҳарбий оркестр томонидан давлат мадҳияси ижроси билан бошланди.
Шундан сўнг йиғилганлар “Фахрий қоровул”, кўргазмали қўл жанги маҳорат усталари чиқишларидан баҳраманд бўлдилар. “Pekiti-Tirsia-Kali” спорт тури жаҳон федерацияси раиси Роммэл Тортал эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига “маҳорат дарси” намойиш этди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати