Бухорода “Ёш қутқарувчи” ҳарбий-спорт мусобақасининг республика босқичи ўтказилмоқда
2025-06-02 22:00:00 / Янгиликлар

Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, мусобақа иштирокчиларини Бухорога ташрифи билан қутлади ва жамоаларга омад тилади. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда республикамизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ёшларга оид сиёсатни амалга ошириш, хусусан, уларни спорт билан шуғулланишларини таъминлаш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилди.
Жумладан, ёшларни спортга кенг жалб қилиш мақсадида спорт мажмуалари, стадионлар, спорт заллари ва кўп функцияли майдонлар барпо этилди ва бу ишлар тизим давом эттирилмоқда. Бундан ташқари, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик, ватанга садоқат ва фидоийлик руҳида тарбиялаш мақсадида тизимли равишда ҳарбий спорт мусобақалари ва фестиваллар ташкил қилинмоқда.
Таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Ёш қутқарувчи” мусобақаси ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилувчи муҳим ташаббуслардан бири ҳисобланади.
Жорий йилги мусобақанинг республика босқичида барча ҳудудлардан умумтаълим мактаблари ва касбий таълим муассасаларининг 300 нафарга яқин ўқувчи-ёшлари иштирок этмоқда.
Тантанада фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Санжар Зупаров ҳам сўз олиб, ташкил этилаётган бу каби мусобақалар қатнашчилар учун жисмоний ва руҳий чидамлиликни янада мустаҳкамлашини, янги маҳорат ва тажрибаларни эгаллашга имкон беришини қайд этди.
Тадбир кўргазмали чиқишлар ва маданий дастур билан давом этди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати