Бухоро тумани: "Ўктам Иброҳим тўқли " фермер хўжалиги ғалла ҳосилдорлигини 80 центнерга етказмоқда
2025-06-21 13:30:00 / Янгиликлар

Шу кунларда ғаллазор майдонларда жадал бораётган ғалла ўрим-йиғимида “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Иброҳим Тўқлиев раҳбарлик қилиб келаётган мазкур хўжаликда ҳар гектар ҳосилдорлиги 80 центнерга етказилаётгани бунда фаолият юритаётган ўндан ортиқ оила меҳнаткашларининг салмоқли ютуғидир.
Айни кунда хўжалик ғаллакор миришкорлари ялпи хирмони 210 тоннага етказилган бўлса, бу ҳосилнинг ярми давлат хариди бўйича қабул масканига топширилган, қолган буғдой эса қишлоқ хўжалигида катта тажрибага эга фермер Иброҳим Тўқлиевнинг ташаббуси билан хўжалик омборидан жамоа аъзолари—механизатор ва сувчилар, ишчиларга натура шаклида тарқатиб берилиши яхши анъанага айланган. Қолаверса, атрофдаги Қўлба, Ёрижон ва Работак қишлоқларидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳам саховатпеша фермернинг ҳимматидан четда қолмайди. Уларга деҳқончилик маҳсулоти—сомон ва буғдой тарқатиб берилмоқда.
Бундан ташқари, пешқадам фермер тасарруфидаги 10 гектарда чорва озуқаси экиб етиштирилмоқда. Тажрибали деҳқон 2 гектарда боғдорчиликни йўлга қўйиб, жамоаси моддий манфаатдорлигини ҳам муттасил ошириб келмоқда.
Айни кунда хўжалик миришкорлари баравж ривожланаётган ғўза майдонларида агротехник тадбирларга эътибор қаратишган. Ҳар йили агротехник тадбирларни инновацион услубда ташкил этишга хайриҳоҳ бўлган фермер пахта ва ғаллачиликда хорижий истиқболли навларни ҳам тажриба-синов тариқасида экиб етиштирмоқда. Мақсад ҳар йилги анъанага мувофиқ, жорий йил деҳқончилик мавсумини юқори кайфиятда, меҳнат муваффақияти билан якунлаш, баракали хирмон барпо қилишдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати