Қоровулбозор: Жарқоқда “Муборак Зарбулоқ” фермер хўжалигида мўл ҳосил етиштирилмоқда
2025-06-21 13:45:00 / Янгиликлар

Шундан давлат харидига биноан 16 минг тоннага етказиб шартномавий режани бажариш мақсад қилинган. Ташкилий жиҳатдан, ҳудудда таъминотчи ва донни қайта ишловчи “Buxoro Agrocluster” ва “ARK Еco textile” МЧЖлари томонидан буғдой ҳосилини сифатли ўриб-йиғиб олишга етарлича дон ташувчи автомашина, худди шундай, дала бошида ёқилғи таъминоти ва техник хизмат кўрсатувчилар жалб қилинган.
Ғалладан бўшаган ерларда эса такрорий экинга тайёргарлик аллақачон бошланган. Жорий мавсумда чўлқуварлар заминида жами 4257 гектар ерда такрорий экин сифатида сабзавот-полиз маҳсулотлари ва дуккакли ўсимликлар экиб етиштириш мақсад қилинган. Бунда қарийб 4 минг гектар ер майдони айнан ҳосили ўриб олинаётган ғаллазор ҳиссасига тўғри келмоқда.
Чўлқуварлар замини ўзига хос иссиқ ва мураккаб иқлим шароитида маҳаллий фермерлар алоҳида жонбозлик кўрсатишмоқда. Шундай миришкорлардан бири “Жарқоқ” Маҳалла фуқаролар йиғинидаги Ботир Йўлдошев бошлиқ “Муборак Зарбулоқ” фермер хўжалиги ва унинг меҳнаткаш жамоасидир.
Илғор хўжаликда жами 197 гектардан иборат экин ерида сара ғалла ва саноат учун қимматбаҳо хом ашё—пахта етиштириб келинади. Шу кунларда фермер хўжалигида ғалла ўрими қизғин давом этмоқда. Давлатга 272 тонна ғалла сотиш режа қилинган. Хўжаликда ялпи барпо қилинадиган сара дон хирмонини 500 тоннага етказиш мақсад қилинган.
—Кеч кузда еримизга “Александр”, “Старшина”, “Таня” каби серҳосил навларга мансуб ғалла экиб парваришни бошлаганмиз. Бугунга келиб ҳосилимиз ҳам меҳнатимизга яраша баракали бўлди,—дейди фермер Ботир Йўлдошев.—-Ҳар йили ғалла режасини ортиғи билан бажариб, хўжалигимиз аъзолари билан бирга моддий-техник имкониятларимизни яхшилаб келмоқдамиз. Бу йил ҳам 200 тонна атрофидаги буғдойни меҳнаткаш жамоамиз моддий манфаатдорлигига сарфлашни ният қилганмиз. Олинадиган даромаддан юқори унумдор техника воситасини харид қилиш ҳам режамизда бор.
“Муборак Зарбулоқ” фермер хўжалиги жорий йил эрта баҳорида 97 гектар ерда пахтанинг “Бухоро-8” ҳамда Хитой истиқболли навларига мансуб чигитларидан экиб, агротехник тадбирларни талаб даражасида олиб бормоқда. Ер билан “тиллашиб” зарур натижа ва ҳосилга эришаётган меҳнаткашлар хўжалигида шу кунларда ғўза қатор ораларига ишлов бериш ишлари авжида. Ўз ишига сидқидил ёндашиб, меҳнатидан юқори муваффақиятларга эришаётган деҳқон фермерларимиз бор экан, омборларимиз донга, дастурхонларимиз нонга тўлиб бораверади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати