“Ҳавзи-нав” маҳалласида чевар Наргиза Бозорова ўз тикув цехига эга бўлди
2025-06-21 14:35:00 / Янгиликлар

Бу янгилик бир хонадон бекасининг тикувчилик билан шуғулланиши учун имконият яратди. Айни пайтда у ўз мижозларига эга бўлган қўли гул ҳунарманд сифатида фаолиятини йўлга қўйган. Айни кунда у хотин-қизлар кийим-кечаклари, келинчаклар либосларини бежирим тикиб тайёрлаб бериб, меҳнатига яраша моддий манфаат топмоқда.
Шаҳар ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчиси кўмагида Наргиза Бозорованинг фаолиятини кенгайтириш мақсадида 33 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағи ажратилгани айни кутилган иш бўлди. Амалий ёрдам самараси ўлароқ, чевар Наргиза Бозорованинг ўзига бўлган ишончи ошиб, якка тартибдаги ишини кичик корхона кўринишидаги цехга айлантириш фикри туғилди.
Эндиликда шу биргина хайрли иш ортидан яна 3 нафар маҳалладош хотин-қизнинг бандлиги таъминланмоқда. Улар ҳам Наргиза чевардан ҳунар сирларини ўрганиб, кундалик тушаётган буюртмаларни бежирим тикиб тайёрлаб беришга диққат-эътиборларини қаратдилар.
Устоз-шогирд анъанаси асосида бир–бири билан дугонага айланган чеварларнинг машаққатли меҳнати ортидан келаётган даромад ҳам мўмайгина бўлиб, бир ойлик соф фойда 6-7 миллион сўмни ташкил этаётгани уларга ишга бўлган қизиқиш ва куч-қувват бағишламоқда. Буюртмага асосан даромадга эга бўлишиб, оилаларига қўшимча сармоя киритишмоқда. Бир сўз билан айтганда, бу каби саъй-ҳаракат аввало, хотин-қизлар ўртасида ижтимоий фаолликни ошириш, уларнинг ҳаёт даражаси, турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати