Бухоро ва Гуандун тадбиркорлари Федерацияси ташкил этилади
2025-06-25 11:45:00 / Янгиликлар

Ўзаро тенг манфаатли бу ҳамкорликка вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегациянинг шу йил 12-19 июнь кунлари Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб, ҳамкорлар билан амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларни батафсил муҳокама қилганлиги, салоҳиятли инвесторлар билан учрашувлар ўтказилиб, йирик ишлаб чиқариш объектлари жойига бориб кўрилганлиги ҳамда компаниялар билан ўзаро самарали ҳамкорлик келишувларига эришилганлиги замин яратмоқда.
Бугун вилоят ҳокимлигида ҳудудлар ўртасида ўзаро савдо, технология ва инвестиция ҳамкорлигини кучайтириш, Хитойнинг Гуандун провинцияси етакчи компаниялари қурилиш, тиббиёт, маиший техника ва технология, қишлоқ хўжалиги, электроника соҳаларида тенг манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан бухоролик ҳамда хитойлик ишбилармон доира вакиллари, тадбиркорларнинг навбатдаги мулоқоти ташкил этилди.
Самимий руҳда кечган мулоқотда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда хорижий делегация раҳбари, Гуандун провинцияси яшил ишлаб чиқариш саноати ҳамкорлик қўмитаси бошлиғи Уильям Лин сўзга чиқишиб, келишувларга эришилган бизнес лойиҳаларни ўзаро ишонч ва тенг манфаатли ҳамкорлик асосида амалга оширишни жадаллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, конструктив таклифларини баён этдилар.
—Сўнгги кунларда Хитой ишбилармон доира вакиллари билан олиб борилган музокараларга мувофиқ, Бухоро вилояти ва Гуандун провинцияси тадбиркорларининг фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи уюшма—Федерация ташкил этишга келишилди,—деди Ботир Зарипов.—Бу имконият маҳаллий тадбиркорларимиз учун жаҳонда шиддат билан ривожланаётган Хитой бозорига кириш имкониятидир. Бунинг учун Бухоро ва Гуандунда алоҳида “shou room”лар очиб, икки томон савдо алоқаларини ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тарғиботини кучайтириш, бизнесҳамкорлар топиш мумкин бўлади. Айни кунда ҳудудда 1 гектар ер майдони танланган ва дастлабки босқичда мебелсозликни ривожлантиришга доир амалий иш бошланмоқда. Энди тадбиркорларимиз бевосита хитойлик бизнес вакиллари билан яқин ҳамкорликда бизнес лойиҳаларини рўёбга чиқариши, экспорт-импорт операцияларини кенгайтириши, маҳсулдлорликни ва моддий манфаатдорлигини ошириши учун қулай муҳит яратилмоқда.
Шундан сўнг вилоят ҳокимининг ўринбосари Ризо Асадов сўзга чиқиб, музокараларда эришилган келишувлар натижасида икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, илк қадамлар сифатида томонлардан 20 тадан ишлаб чиқариш корхона ва компаниялари билан истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга доир кенг имкониятлар яратилганлиги қайд этилди.
Ўз навбатида, вилоят ҳокими Ботир Зарипов нафақат мебелчилик, балки бошқа йўналиш ва тармоқларда, масалан, логистика, косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, пиллани қайта ишлаш, меваларни қуритиш ва қадоқлаш каби йўналишларга инвестиция жалб қилиш бўйича таклифларни илгари сурди.
Мулоқотда ҳозир бўлган маҳаллий ва чет эллик тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати