Олотда 250 МВт соат қувватга эга қуёш электр станцияси барпо этилди
2025-06-30 09:35:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Жалол Арашов ва туман ҳокими Наргиза Неъматовалар бу иншоотдаги қурилиш ишлари билан танишиб, ишчи-мутахассислар ишини кўздан кечиришиб, сўнгги панелни ўрнатишда ўзлари гувоҳ бўлдилар. Шу ерда “Masdar” компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказилиб, лойиҳанинг жорий ҳолати ва истиқболи юзасидан фикр алмашилди.
Лойиҳанинг асосий кўрсаткичларига тўхталсак, муқобил энергия манбаи қиймати 180 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, станция қуввати 250 МВтни, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 635 миллион кВт соатни ташкил этади.
Мазкур лойиҳа доирасида Олот тумани чўлга туташ манзилидан ажратилган 649 гектар ер майдонида қурилиш ишлари ўндан ортиқ пудратчи ташкилот томонидан олиб борилди. Бунда жами 1,5 минг нафарга яқин ишчи-мутахассиснинг бандлиги таъминланди. Уларнинг мингдан ошиғи маҳаллий аҳоли вакилларидир.
Мазкур муқобил энергия манбаига келсак, станциянинг афзалликлари шундаки, аввало электр энергияси ишлаб чиқариш учун табиий газ сарфи йилига 270 миллион куб метрга тежалади. Бунда қурилиш ишлари 2,3 миллион соат хавфсиз меҳнат ҳажмини ташкил этиши, хомашё ва зарур ускуналар тўғридан-тўғри Хитойдан олиб келиб ўргнатилгани, ҳозирда электр энергиясини тармоқ орқали дастлабки узатиш ишлари амалда бошлангани катта аҳамиятга эга.
Мутахассислар ҳисоб-китобларича, ушбу лойиҳа нафақат олис ҳудуд энергетик мустақиллигини оширишга хизмат қилади, балки маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш, “яшил энергетика” ва экологик барқарорликни йўлга қўйиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати