Бухорода камбағаллик ва тенгликни баҳолаш бўйича ҳудудий маслаҳатлашув семинари бўлиб ўтди
2025-06-30 19:45:00 / Янгиликлар

Вилоят шаҳар ва туманларида аҳоли турмуш шарт-шароитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурлари натижадорлигига эришишда янгича ёндашув ва тўпланган миллий тажрибани қўллаш чора-тадбирларини янада юқори босқичга олиб чиқишга бағишланган маслаҳатлашув семинарини “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков олиб борди.
Юқорида қайд қилинган мутасадди ташкилот ва идоралар масъуллари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳудудий бўлинмалари ходимлари, омавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган муҳокама йиғилишида вилоятимизда хизмат сафари билан бўлиб турган “Жаҳон банки” амалиёт менежери ва иқтисодчилари Анбар Нараян, Оберт Пимҳидзаи, Икуко Уочи, Вондимагегн Тесфае, Адесола Сунмони, шунингдек, республика Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижросини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аббос Омонов, вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодиёт ва молия бошқармаси бошлиғи Ботир Аҳмедовлар сўз олдилар.
—Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябр куни “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги ПФ-143-сонли фармони ва шу куни “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-330-сон қарорлари қабул қилинган,—деди ўз сўзида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов.—Республикамизда барқарор ва юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланганлиги сабабли камбағаллик даражаси 2019 йилдаги 23 фоиздан 2024 йилга келиб 8,9 фоизга қисқартиришга имкон яратди. 2025 йил якуни билан камбағалликни 6 фоизгача қисқартириш мақсад қилинган.
Жорий йилда Бухоро ва Когон шаҳарлари камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилади. Жумладан, 20 605 нафар аҳоли бандлиги таъминланади, шундан 7 568 нафар доимий ишларга жойлаштирилиб, 6 866 нафари тадбиркорликка жалб қилинади.
Бу жараёнда 13 203 нафар камбағал оила аъзоси камбағалликдан чиқарилади. Бинобарин, бу ҳудудларда жами кичик ва ўрта бизнесга 1 триллион 363 миллиард сўм, шундан 153,6 миллиард сўм имтиёзли кредит сармояси ажратилмоқда. Хусусан, оғир тоифадаги 4 та туманда, жумладан, Вобкент, Жондор, Олот, Шофиркон туманларида камбағаллик ва ишсизликни кескин камайтириш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, ҳудуда 71295 нафар аҳоли бандлиги таъминланади. Шундан 18472 нафар доимий ишларга жойлаштирилади 28 867 нафари тадбиркорликка жалб қилинади, шу тариқа 26 451 нафар камбағал оила аъзоси камбағалликдан чиқарилади.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Вилоятда камбағаллик даражаси юқори, инфратузилмаси “оғир” тоифадаги 55 та маҳалла танлаб олинган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун республика бюджети ҳисобидан 164,1 миллиард сўмлик 142 та лойиҳа шакллантирилган. Жумладан, аҳоли томорқаларини суғориш учун тармоқларни яхшилаш мақсадида 89,8 миллиард сўмлик, электр тармоқларини яхшилаш мақсадида 32,3 миллиард сўм ҳамда ички йўлларни таъмирлаш учун 42 миллиард сўмлик лойиҳалар манзилли ишлаб чиқилган.
Биринчи босқичда суғориш тармоқларини яхшилаш мақсадида вилоят туманларида 11 дона суғориш насоси, 38 та суғориш қудуғи ўрнатилгани ҳолда 101 километр масофадаги суғориш тармоғи бетонлаштирилгани бу ерларда томорқа эгалари томонидан баракали сабзавот-полиз маҳсулотлари экиб етиштирилаётгани далолати. Муҳими, аҳоли томорқа ерларини суғориш тизими яхшиланаётгани эвазига жами 16018 та хонадоннинг 4,3 минг гектар томорқа еридан икки-уч маротаба хосил олиши ва томорқа даромади олдинги ўртача 2 миллион сўмдан 4-5 миллион сўмга етказилди.
Бундан ташқари, вилоятни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш ҳамда камбағал оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида “ijtimoiy.buxoro.uz” электрон платформа дастури ишлаб чиқилган. Шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари 544 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги “маҳалла еттилиги” иштирокида “ijtimoiy.buxoro.uz” электрон платформа дастурига масъул бўлган ходимлар томонидан ўқув семинарлари ташкил этиб, Бухоро шаҳридаги “Кўкалдош” маҳалласи мисолида ишсиз, камбағал оила, миграциядан қайтган, ижтимоий реестрда турувчи фуқаролар ва пробация рўйхатида турган шахсларни хонадонбай юриб аниқлаш ва дастурга киритилиши амалда кўрсатиб берилган.
Умуман, бу борада амалга оширилаётган ишлар эътироф этилган, нуқсон ва камчиликларни бартараф этиш чора-тадбири белгиланган камбағаллик ва тенгликни баҳолаш бўйича ҳудудий маслаҳатлашув семинарида қатнашганлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати