Давра суҳбати
2025-01-15 19:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасини ривожлантириш концепцияси ҳамда 2025-2027 йилларда меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат гигиенаси соҳасини янада такомиллаштириш тўғрисидаги миллий дастур муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда вазирлик мутасаддилари, Халқаро меҳнат ташкилотининг экспертлари, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия вакили, ҳамкор ташкилотлар, жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар конфедерацияси вакиллари, соҳага бўйича етакчи экспертлар, олимлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳамда иш вақтидаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини олдини олиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси тайёрланиб бугунги кунда жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ушбу ҳужжат билан юқоридаги концепция ҳамда миллий дастурни тасдиқлаш кўзда тутилган.
Мулоқотда муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.