САУДИЯ АРАБИСТОНИ КОМПАНИЯСИ КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИГА ИНВЕСТИЦИЯ КИРИТАДИ
2025-01-22 13:40:00 / Вазирлик янгиликлари

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги мутасаддилари ҳамда Саудия Арабистонининг “Al Arkkan” компанияси директори Мухаммад ал-Фассам бошчилигидаги делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда вазирлик тизимидаги касбий кўникмалар марказларида меҳмонхона ва ресторанлар хизматчиларининг озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда туризм бўйича билим ва малакаларини оширадиган ўқув курслари, шунингдек, Саудия Арабистонида ишлаш истагида бўлган ҳамшираларни қайта тайёрлаш ва хорижий тилларга ўқитишга ихтисослашган муассаса ташкил этишга доир “Al Arkkan” компаниясининг таклифлари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида пилот лойиҳа сифатида Тошкент шаҳрида меҳмонхона ва ресторанлар хизматчиларининг озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда туризм бўйича билим ва малакаларини оширадиган ўқув курсини ташкил этиш юзасидан келишиб олинди.
“Al Arkkan” компанияси мутахассисларидан иборат делегация пойтахтдаги касбий кўникмалар марказлари фаолияти билан танишди.
Маълумот учун: Al Arkkan ўқув маркази Қиролликдаги ресторанлар, супермаркетлар, гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар ишчилари учун озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлиқни сақлаш дастурлари бўйича ихтисослашган биринчи ўқув компаниясидир.
Ўз фаолиятини 2009 йилда Даммам, Жидда ва Макка шаҳарларида бошлаган. Компания Chartered Institute of Environmental Health (CIEH), ISO 9001 va IAS 17024 каби бир қанча халқаро аккредитацияларни олган.