Нодавлат таълим ташкилотларини касб-ҳунарга ўқитиш тизимига таклиф қиламиз!
2025-01-22 19:45:00 / Вазирлик янгиликлари
2025 йил 1 февралдан бошлаб, нодавлат таълим ташкилотлари ҳам иштирок этиши мумкин бўлган ваучер асосидаги ўқитиш тизими ишга туширилади. Биринчи босқичда бу тизим Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида жорий этилади.
Ушбу дастурнинг афзаллиги – ишсиз фуқароларга давлат ташкилотлари билан бир қаторда нодавлат таълим ташкилотларини ҳам ихтиёрий танлаш ҳуқуқи берилади. Яъни, “Таълим олувчи ортидан пул боради” тамойили амал қилади.
Ўқитишни молиялаштириш Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан икки босқичда амалга оширилади: ваучер қийматининг 50 фоизи ўқиш бошланганидан сўнг, қолган 50 фоизи эса якуний имтиҳон муваффақиятли топширилгандан сўнг тўланади.
Асосий максад – хусусий секторни кенг жалб қилиш, рақобатни ҳамда касб-ҳунар тайёргарлигининг сифатини оширишдир.
Вазирлик манфаатдор нодавлат таълим ташкилотларини ушбу дастурда иштирок этишга таклиф этади.
Дастурда иштирок этиш учун таълим ташкилотлари ecosys.mehnat.uz платформаси орқали таълим муассасалари реестрига кириши лозим. Реестрга кириш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:
- таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича лицензия ёки хабарнома қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқланган маълумотлар;
- мавжуд филиаллари ва уларнинг манзиллари (мавжуд бўлса);
- ўқув курсларининг йўналишлари ва умумий жой ўринлари;
- ўқув курсларини олиб борадиган ўқитувчи, уста ва мураббийлар малакасини тасдиқловчи ҳужжат (диплом, сертификат, стаж ва бошқа тегишли ҳужжатни бириктириш);
- ўқув ва дарс жараёнларини ташкил этиш учун синфхоналар, машғулот хоналари ва бошқа зарур ишлаб чиқариш майдонлари ҳамда жиҳозлар тўғрисида маълумотлар (фотосуратлар билан);
- ўқув хоналаридаги ўқув жараёнини онлайн ва оффлайн режимда мониторинг қилиш учун интернет тармоғи мавжудлиги;
- халқаро ташкилотлар томонидан берилган сертификатлар (мавжуд бўлса).
Ушбу дастур доирасида ва бошқа манбалар ҳисобига нодавлат таълим муассасалари томонидан берилган сертификатлар Вазирликнинг маълумотлар базасига киритилади ва ўқишни тамомлаган фуқаронинг ишга жойлашишида акс эттирилади.
Қўшимча маълумот учун веб-сайтга ҳавола орқали киринг: ecosys.mehnat.uz