Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида «IТ-таълимни мақсадли молиялаштириш» мавзусида конференция бўлиб ўтди
2023-01-27 15:40:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўзбекистон IТ-таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб ташаббусларни йўлга қўймоқда. Хусусан, бугун, 27 январь куни Инҳа университетида «IТ-таълимни мақсадли молиялаштириш» мавзусида конференция бўлиб ўтди. Унинг доирасида IТ Билим молиялаштириш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган «bilgi.uz» платформаси тақдимоти ҳам ўтказилди.
Тадбирда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этди.
Анжуманда спикерлар ёшларнинг IТ соҳасидаги талабгор касбларни эгаллашида молиявий кўмак кўрсатиш дастурлари, тўлов-контракт учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, сифатли ва арзон таълимни ривожлантиришда таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш ҳақида тушунтиришлар бериб ўтди.
Рақамли технологиялар вазири Ш. Шерматов ўз нутқи давомида ёшларни IТ таълим соҳасига кенг жалб қилиш, уларнинг таълим олишлари учун муносиб шароитлар яратиш, мактаб битирувчиларининг IТ касбларга бўлган қизиқишини ошириш ва халқаро IТ-сертификатлар олишда қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг чет тилларини ўрганиши орқали BPO хизматлар соҳасига кенг жалб қилиш бўйича ўз фикр ва таклифларини бериб ўтди.
IТ Билим фаолиятни ривожлантириш ва IТ-мутахассисликлари бўйича ўқитиш учун мақсадли кредитлар ажратади.
bilgi.uz платформаси барча лойиҳа иштирокчиларини ягона электрон маконда бирлаштириш мақсадида яратилган бўлиб, IТ соҳасида билим олишни хоҳловчи, жумладан, молиявий кўмакка муҳтож ёшлар, таълим муассасалари, талабгорлар ва молиялаштирувчи ташкилотни ўз ичига олади.
Шунингдек, IТ Парк резидентлари сони 1000 тадан ошди. Бухоро вилояти, Олот туманида фаолият юритаётган «EXCELLENCE SOLUTION» МЧЖ компанияси 1000-резидент сифатида рўйхатдан ўтди.
Ушбу компания дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Шунингдек, компания Италия ва Германия давлатларига экспорт хизматларини кўрсатишни режалаштирмоқда.