Россия-Ўзбекистон тўртинчи таʻлим форуми ўз ишини бошлади
2024-06-24 12:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Форумда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Президентлари Администрациялари, таълим вазирликлари, олий ва профессионал таълим муассасалари, ИТ, маданият ва маданий мерос, ёшлар ташкилотларидан жами 150 нафарга яқин иштирокчи қатнашмоқда.
Дастурга мувофиқ дастлаб форум ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев, Россия Федерацияси Президентининг Хорижий мамлакатлар билан ҳудудлараро ва маданий алоқалар бўйича бошқармаси бошлиғи Игор Маслов, Россия илм-фан ва олий таълим вазири ўринбосари Константин Могилёвский сўзга чиқиб, икки томонлама таълим, фан ва инновациялар соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар аҳамияти, уларнинг натижаси ҳамда истиқболли режалар ҳақида нутқ сўзладилар.
Олий таълим, илм-фан ва инновацион технологиялар соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган мазкур форумда қатор масалалар муҳокама қилинди.
Жумладан, икки давлат раҳбарларининг ташаббуси билан ўтказилаётган ректорлар форумлари бугунги кунга келиб, ўз ичига таълимнинг барча босқичларини, илм-фан, маданият, тиббиёт, ишлаб чиқариш соҳаларини қамраб олган муҳим халқаро платформага айлангани таъкидланди.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда 10 та Россия университетлари филиаллари ташкил этилиб, уларнинг сони 14 тага етказилди ва икки давлат олийгоҳлари ўртасидаги ўзаро алоқалар жадал ривожланиб бормоқда.