Жорий йилнинг 23-28-сентябрь кунлари UrDPI ташкилотчилигида дунёнинг 30 га яқин етук олимларини жамлаган "Янги авлод юпқа плёнкали фотоволтаик тизимлар учун илғор функционал материаллар" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.
2024-09-28 17:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Ушбу халқаро конференциядан мақсад юпқа плёнкали фотоволтаик қурилмалар, қайта тикланувчан энергетика соҳаси каби етакчи йўналишлар бўйича сўнгги ютуқлар, долзарб муаммолар ва истиқболли технологияларни муҳокама қилишдан иборат.
Маълумот учун, тижорий жиҳатдан самарали ва экологик тоза қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш замонавий фан ва технологияни жорий қилишни тақозо қилади. Турли ҳисоб-китобларга кўра, 50-60 йилдан 100-110 йилгача давом этиши керак бўлган қазиб олинадиган ёки углеводород ёқилғиси захираларининг доимий равишда камайиб бориш шароитида бундай муаммони ҳал қилиш айниқса долзарб ҳисобланади.
Шу боис муқобил қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш масаласини ҳал этиш жаҳон иқтисодиёти барқарор ривожланишининг муҳим калитларидан бирига айланиб бормоқда. Ҳозирги вақтда бундай энергия манбаларининг бир қанча истиқболли турлари мавжуд бўлиб, улар орасида қуёш, шамол ва водород энергияси энг истиқболли ҳисобланади.