Алишер Навоий таваллуди муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
2025-02-09 17:05:00 / Янгиликлар

9 февраль – Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллуд топган кун муносабати билан юртимизда кенг миқёсли тадбирлар ташкил этилиб, унинг бой илмий ва ижодий мероси ёдга олинади. Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлиги ходимлари иштирокида пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида жойлашган Алишер Навоий ҳайкали пойида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олганлар Алишер Навоийнинг ўзбек адабиёти ва маданияти тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси, унинг асарлари халқ маънавиятини юксалтиришда тутган ўрни ҳақида фикр билдиришди. Шунингдек, шоирнинг маърифатпарварлик ғоялари ва асарларидаги эзгу ғоялар бугунги кун учун ҳам муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Тадбир якунида Ички ишлар вазирлиги ходимлари ва тадбир қатнашчилари буюк шоир хотирасига ҳурмат бажо келтириб, ҳайкал пойига гулчамбар қўйдилар. Бу эзгу анъана Алишер Навоий меросига бўлган чуқур эҳтиром ва унга муносиб авлод бўлишга интилишнинг рамзи ҳисобланади.
Мазкур тадбир Навоий асарларини янада кенг тарғиб этиш, ёш авлодни унинг маънавий меросидан баҳраманд этиш ва миллий ўзликни англашга хизмат қилади.
ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти