Ҳаж ва Умра зиёратларига юбориш билан алдаб маблағларни ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ўтказилган тезкор тадбирларда фирибгарлик йўли билан талаб қилинган пулларни олаётган гумонланувчилар ушланди
2025-04-30 09:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органлари ва бошқа ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан жойларда фуқароларни ноқонуний равишда Ҳаж ва Умра зиёратларига юбориш билан алдаб маблағларни ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.
Андижон вилояти ва Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирлардан фирибгарлик йўли билан талаб қилинган пулларни олаётган гумонланувчилар ушланган бўлса Яккасарой тумани фаолият юритган туристик ташкилотдан 101 нафар фуқаролар жабрланганлиги аниқланди.
Андижон вилояти ИИБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 1986 йилда туғилган шахс қўлга олинди. У “Туристик фирмаси” орқали 2025 йилги “Ҳаж” зиёратига фуқароларни юбориш бўйича, ҳар бир зиёратчи учун 5.000 АҚШ долларидан нарх белгилаган. Унга мурожаат қилган мижознинг 3 нафар қариндошларини Хажга юбориш учун жами 15.000 АҚШ доллари қилиб беришини айтиб, алдаб келишилган пуллардан жами 6.000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент шаҳрида яшовчи 1997 йилда туғилган аёл аризачи ва унинг 2 нафар танишларини Ҳаж ва Умра зиёратига олиб бориш эвазига ҳар бир фуқаро учун 4850 АҚШ долларидан талаб қилган. У Сергели туманида кимёвий ишлов берилган 14.550 АҚШ долларини олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.
Ички ишлар вазири номига ариза билан мурожаат қилган фуқаро Яккасарой тумани, фаолият юритувчи “KAVSAR TRAVEL” МЧЖ директори Умра зиёратига юборган фуқароларнинг Мадина шаҳридаги меҳмонхонага тўлаши учун 850 АҚШ долларини унга тўлатишга эришиб, шу кунга қадар пулларни қайтармаганлигини маълум қилиб, қонуний чора кўришни сўраган.
Бундан ташқари, худди шу МЧЖ директори Умра зиёратига бориш учун 70 нафар фуқароларнинг умумий қиймати 42 минг 625 АҚШ долларига тенг бўлган авиачипталарни олиб кетиб, пулларини шу кунга қадар бермасдан келган.
Ҳолат юзасидан жиноят кодексининг 168 моддаси 4 қисми “а” “б”, бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб айни вақтда мазкур МЧЖдан зарар кўрган фуқароларнинг сони 101 нафар эканлиги аниқланган. Жамият директори қамоққа олиниб айни вақтда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар агар сиз ҳам худди шу каби ҳолатларга гувоҳ бўлсангиз, ёки Хаж ва Умра зиёратига юбораман деб ваъдасини бажармаган жисмоний ва юридик шахслардан жабрланган бўлсангиз ҳудудий ички ишлар органларига ёки 102 рақами орқали хабар беришингизни сўраймиз.
Унутманг Хаж зиёратини ташкил этиш учун мамлакатимизда фақатгина Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ваколатли ҳисобланди.
Умра зиёратлари учун эса махсус лицензияга эга бўлган сайёҳлик ташкилотларига мурожаат қилинг.