Сулола. Ота касбининг муносиб давомчиси
2025-05-10 11:45:00 / Янгиликлар

Тергов шундай мураккаб ва масъулиятли соҳасики, бу иш ходимдан, энг аввало, сабр-тоқат ва матонатни талаб этади. Барча соҳаларга оид айтайлик, соғлиқни сақлаш тизимига оид бирор жиноят ишини тергов қилишда масалага тиббиётчи кўзи билан, таълим соҳасига доир жиноят материалида педагог нигоҳи билан, қишлоқ хўжалиги йўналишига оид ишда эса агроном назари билан қараб, унинг мазмун-моҳиятигача кириб боролмаса, терговчининг иши пухта бўлмайди. Шу боис бу соҳа вакиллари ўқиб-изланишдан, малака оширишдан ҳеч қачон тўхтамаслиги керак.
Қўқон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими жиноятларни тергов қилиш бўлинмаси катта терговчиси, майор Қаҳрамонжон Холматов ҳам ана шу мезонларга таяниб иш олиб бораётган соҳа фидойиларидан бири саналади.
Ўзбекистон туманидаги Нурсух қишлоғида туғилиб ўсган Қаҳрамонжон бежиз терговчилик касбини танламаган. У камолга етган оилани ҳамқишлоқлари «Терговчилар оиласи» деб ҳам атайди. Сабаби, падари бузруквори, истеъфодаги подполковник Жалолиддин Холматов ҳам ўттиз йилга яқин умрини ички ишлар органларининг тергов соҳаси билан чамбарчас боғлаб, эл-юрт осойишталигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда бой амалий тажриба тўплаган. Бугун фарзандлар ва набиралари даврасида кексалик гаштини сурмоқда.
Амакиси, истеъфодаги майор Фазлиддин Холматов ҳам ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олиб, ички ишлар органларида терговчи бўлиб ишлаган.
Ота изидан борган Қаҳрамонжон, мана 21 йилдирки, Кўқон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимида турли лавозимларда ҳалол ва самарали хизмат қилиб келмоқда. У дадасини тергов соҳасидаги биринчи устози деб билади ва тез-тез маслаҳатлар сўраб туради. Падари бузруквори нафақат ўғлидан, балки барча ёш терговчилардан маслаҳатини аямайди. Шогирдларни ҳамиша ҳалол, адолатли бўлишга, холис тергов олиб боришга чақиради.
Ота ўгитларига таяниб иш қилаётган лавҳамиз қаҳрамонининг ўзи ҳам бугун устоз даражасига етди. Қўқон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимида ўнлаб шогирдлари бор. Уларга маслаҳат ва тавсия бериш билан бирга, билмаганларини ўргатади. Китоб билан дўст тутинишга, тергов соҳасидаги билимларини ҳамиша ошириб боришга чақиради.
- Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсонпарвар ислоҳотлар самараси ўлароқ, фуқароларнинг қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинадиган, фақат жазолаш эмас, хато қилганни тўғри йўлга соладиган мезонларига асосланган тизим яратилмоқда, — дейди лавҳамиз қаҳрамони. — Тергов ва суриштирув тизими соддалаштирилди, соҳага кириб келаётган замонавий технологиялар эса тергов сифати ва самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ишлаш учун барча шароит етарли. Биздан фақат касбга садоқат, ижро интизоми ва ҳалоллик талаб этилади. Шогирдларимга бу талабларни ҳар куни эслатишдан чарчамайман.
Терговчилар оиласининг забардаст вакили бўлган майор Қаҳрамонжон Холматовнинг касбга садоқати, ҳалоллиги ва фидойилиги ёш ходимлар учун чинакам ибрат мактабидир.
Абдувосит Сидиқов, ўз мухбиримиз. “Постда”
Фарғона вилояти