Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
2025-05-24 09:00:00 / Янгиликлар

Ушбу тадбирлар Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 3 январдаги 1-сонли Қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 801-сонли Қарори асосида ташкил этилди.
Бухоро вилояти ИИБ раҳбарияти бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан “Хўжабарги” маҳалласи ўрганилиб, жиноятчилик ҳолатлари, профилактик тадбирлар самарадорлиги ва дронлардан фойдаланиш амалиёти таҳлил қилинди.
Ички ишлар бўлимларида хавфсизликка риоя этилиши, мурожаатларни қабул қилиш шарт-шароитлари ва “E-Material” платформасининг фаолияти кўриб чиқилди.
Ўтказилган йиғилишда 22–29 март кунлари бўлиб ўтган инспекторлик текшируви натижалари муҳокама қилиниб, масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Текширув натижасида аниқланган камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича манзилли чоралар белгиланди.
“Қорадори-2025” ва “Назорат” тезкор профилактик тадбирлари доирасида амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, самарасиз фаолият кўрсатган масъулларга интизомий чоралар қўлланилиши ва фаол ходимларни рағбатлантириш юзасидан қарорлар қабул қилинди.
Шунингдек, хизмат интизомини мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши муросасиз муносабатни таъминлаш ва профилактик ишлар самарадорлигини ошириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Бундай ўрганишлар жиноятчиликнинг олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш ва янги технологияларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этади. Тизимли ишлар Бухоро вилоятининг бошқа ҳудудларида ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати