Ички ишлар вазирлигининг ишчи гуруҳи томонидан Хоразм вилоятида ўтказилган комплекс инспекторлик текшируви якунларига бағишланган таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди
2025-06-01 01:05:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизмат раҳбарлари, Хоразм вилояти ҳамда туман ва шаҳар даражасидаги ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда тегишли хизматларнинг масъуллари иштирок этдилар. Йиғилишда ички ишлар органлари хизматининг жорий ҳолати, фаолият самарадорлиги, шахсий таркибнинг касбий тайёргарлиги, хизмат интизоми ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар тўлиқ таҳлил этилди.
Таъкидланишича, мазкур текширув ички ишлар органлари фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган самарали ва мақсадли чора-тадбирлардан бири сифатида амалга оширилмоқда.
Текширув жараёнида хизмат интизоми, кадрлар салоҳияти, жойларда аҳоли билан мулоқот қилиш маданияти ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди. Шунингдек тизимдаги иш услубини тубдан қайта кўриб чиқиш, хизмат самарадорлигини ошириш ва уни замонавий талаб ва эҳтиёжларга мослаштириш борасида қатор аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган, намунали хизмат фаолияти учун аҳоли ҳамда сафдошлари томонидан алоҳида эътироф этилган бир гуруҳ ходимлар Ички ишлар вазирининг буйруғи билан муносиб мукофотландилар.
Жумладан, Урганч тумани ички ишлар бўлими катта терговчиси капитан Азамат Султонов муддатидан олдин “майор” махсус унвони билан, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати инспектори сафдор Мавлонбек Машарипов “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан, Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бўлинма командири сержант Санжар Сатимов II даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси муҳим топшириқлар бўйича инспектори майор Умидбек Юсупов III даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан ҳамда Ҳазорасп тумани ички ишлар бўлими профилактика инспектори катта лейтенант Шарипбой Кутлиев Ички ишлар вазирлигининг эсдалик қўл соати билан тақдирландилар.
Мажлисда қатор соҳаларда эришилган ижобий натижалар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ва тизимдаги муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Текшируви натижаларига кўра, хизмат фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган бир қатор раҳбарларга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди.
Инспекторлик текшируви натижаларига асосан, хизмат сифатини яхшилаш, тезкорлик ва самарадорликни таъминлаш мақсадида ҳудудий бўлинмаларнинг моддий-техник таъминотини янада мустаҳкамлаш, замонавий иш ускуналари ва технологик воситалар билан таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Йиғилиш якунида масъул раҳбарлар ва ходимларга хизмат фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши қатъий назоратга олиш ҳамда ҳар бир чоранинг амалий самараси юзасидан ҳисобот бериш тартиби жорий этилди.