Хитойлик талабалар Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқарма фаолияти билан танишдилар
2025-06-05 10:30:00 / Янгиликлар

Юртимиз дунёнинг кўплаб давлатлари билан дўстона ва ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик алоқаларини ўрнатиб, кўплаб соҳаларда тажриба алмашиш, икки томонлама ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон ва Хитой халқ республикасини кўп асрлик тарихий ришталар боғлаб туради. Чунончи, ўзаро муносабатларда глобал хавфсизлик, минтақавий барқарорлик, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашиш каби масалалар борасида Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Хусусан, таълим соҳасида алоқаларнинг фаол тарзда ривожланиб бораётгани, замонавий технологияларнинг илғор ютуқларини ўрганиш ва тизим учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар эътирофга лойиқдир. Шу мақсадларда Хитой халқ республикаси Жамоат хавфсизлиги университети бир гуруҳ талабалари таълим олиш ва тажриба алмашиш учун юртимизга ташриф буюришди.
Хитойлик талабалар ИИВ Академиясида икки ҳафталик ўқув курслари давомида Тошкент шаҳар ИИББ фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Улар Бош бошқарма “Шон-шараф” музейига ташрифи чоғида пойтахт ички ишлар органларининг узоқ тарихи, унинг шаклланиш ва ривожланиш жараёнлари, тинчлик – осойишталик, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида шу кунгача босиб ўтган зафарли йўли ҳақида ҳикоя қилувчи осори-атиқалар, фото ва кўргазмали қуроллар билан танишдилар.
Бош бошқарманинг Ахборот мультимедиа марказининг пойтахт ички ишлар органлари ходимлари томонидан жиноятчиликнинг ҳар қандай кўриниши, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш борасида амалга ошираётган ишларини кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш бўйича олиб бораётган ишлари уларда катта қизиқиш уйғотди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати